27.11.2019 739

Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.


Бугун, 27 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил қилинган Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Ходжаев ва Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов иштирок этишди.

Ботир Ходжаев ўз нутқида иштирок этган барча тадбиркорларга ушбу саноат ва кооперация ярмаркаси тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини ривожлантиришда ва кенгайтиришда жуда катта ахамиятга эга бўлганини айтиб ўтди.

Шунингдек, электрон кооперацион портал (www.cooperation.uz.) фаолияти шерикларни топиш ва иқтисодий алоқаларни ўрнатишнинг муҳим воситаси бўлганлигини хам таъкидлаб ўтди.

Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов сўзга чиқиб, 10 кун мобайнида давом этган ушбу ярмаркада иштирок этган барча тадбиркорларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, кўргазма бу йили юқори савияда ўтганини ва кўзланган натижаларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди.  

“Кўргазманинг биринчи куни кооперация порталида машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефт ва газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби 9 352 хил турдаги маҳсулот руйхатдан ўтказилиб, умумий қиймати 44,8 млрд. сўм бўлган 258 та шартнома имзоланган бўлса, бугунги кун холатига кўра 20 566 турдаги тайёр маҳсулот, умумий қиймати 1.2 трилион сўмлик 6 911 та шартномлар тузилди”- деди . Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов.

Кўргазма ёпилиш маросими доирасида ярмаркада иштирок этган энг фаол тадбиркорлик субъектлари аниқланиб, улар қуйидаги номинациялар бўйича махсус дипломлар билан тақдирландилар:

Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича энг яхши саноат уюшмаси”– Навои Кон Метталургия Комбинати (КМК);

Саноат кооперациясидаги энг фаол кичик бизнес корхонаси"– "SDK GROUP" МЧЖ (Андижон вилояти);

“Кичик бизнес корхоналари ўртасида энг яхши кўргазма стенди” – «TECHNOLOGIES REAL TIME» МЧЖ (Тошкент вилояти),

“Вилоятлар ўртасида энг яхши кўргазма стенди” ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ,

“Саноат бирлашмалари ўртасида энг яхши кўргазма стенди” – «ISSIQLIK ELEKTR STANTSIYALARI» АЖ.

Қайд этиш лозим, давлатимиз раҳбари кўргазмага ташрифлари доирасида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, сифатини таъминлаш орқали харидорлар сонини кўпайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Вазирлик ва тармоқ раҳбарлари ҳамда кичик бизнес вакиллари билан  мулоқотлари чоғида қуйидаги иккита: биринчиси иш ўринлари яратиш ва иккинчиси импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида ўзаро ҳамкорлик схемасини доимий равишда ташкил этиш каби масалани қўйдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг саноат ярмаркасига ташрифи тадбиркорлик субъектларига саноат ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш, саноат ва минтақаларда маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш объектларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш орқали бутловчи қисмлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга катта ёрдам кўрсатди.

 

ССП Ахборот хизмати