29.11.2019 175

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳамда Саудия Арабистонининг Мадина шаҳар Савдо-саноат палатаси ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказилди.


2019 йил 27 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси билан ҳамкорликда Саудия Арабистонининг Мадина шаҳар Савдо-саноат палатасида икки давлат ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Мадина Савдо-саноат палатаси Бош котиби Мазен Абуталиб жаноблари Ўзбекистондан келган ишбилармонлар делегациясини самимий қутлаб, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик алоқалари борган сари ривожланаётганлигига, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик борасида томонлар учун ўзаро манфаатли бўлган қизиқарли лойиҳалар сифат ва сон жиҳатдан кўпаяётганлиги ҳамда Мадина шаҳридаги компаниялар ҳам Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорлик қилишга қизиқишлари мавжудлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

                                                         

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳамда миллий маҳсулотларимизни Садия Арабистонига экспорт қилиш имкониятлари ҳамда Саудия Арабистони билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилиши таклиф этиладиган истиқболли йўналишлар тўғрисида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбирда Саудиялик  ишбилармонлар эътиборига Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳияти тўғрисида Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан маъруза қилинди.

                                                                                                           

Тадбир давомида Ўзбекистондан келган тадбиркорлик субъектлари томонидан текстиль, озиқ-овқат, энергетика ва газ детекторлари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари, ҳунармандчилик, туризм соҳаларида Саудия Арабистони ишбилармон доиралари билан инвестициявий ва савдо соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз таклиф ва лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.

Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга янада кўпроқ эътибор қаратиш ва бу борадаги ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифларини кенгайтиришга келишиб олдилар.

 

ССП Ахборот хизмати