12.05.2016 2749

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш бўйича давра суҳбати


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси республикамизда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, айниқса пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришда мавжуд муаммоларини ҳал этиш ҳамда тармоқда саноат ва илм-фан ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш мақсадида қишлоқ хўжалик техникаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва давлат органлари иштирокида давра суҳбатини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад тармоқда  қишлоқ хўжалиги машина ва техникаларини ишлаб чиқаришда илғор технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, зарур бутловчи қисм ва компонентларни ўзлаштиришда мавжуд технология ва жиҳозларни модернизация қилишнинг истиқболлари, янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларни ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама этиш ҳамда тармоқни келгусида ривожланишини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Мазкур давра суҳбати 2016 йил 20 май куни соат 10-00 да Палатанинг катта мажлислар залида бўлиб ўтади.

Ушбу тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, “Ўзагросаноатмашхолдинг” ХК, “Ўзстандарт” агентлигининг масъул ходимлари ва республикамизда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб бораётган саноат корхоналари иштирок этишлари кутилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ушбу тадбирда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, айниқса пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришда мавжуд муаммоларини ҳал этишга қаратилган аниқ таклифларни ҳамда тадбирда иштирок этиш истагида бўлганлар (исми-шарифи, лавозими ва телефон рақамлари) номзодини 2016 йил 17 майга қадар Палатанинг Замонавий мини-технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўлимининг масъул ходими Наим Темурхонга (t.naim@chamber.uz) электрон кўринишда тақдим этишингизни сўраймиз.