03.12.2019 149

“Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси кенг муҳокама этилди.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган Экспертлар кенгаши бўлиб ўтди.

Қарор лойиҳасини Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи А.Хошимов иштирокчиларга тушунтириб берар экан, Қарор лойиҳасида қуйидагилар белгиланганлиги айтиб ўтди:

– ҚҚС тўловчиларини рўйхатга қўйиш мажбурий ёки ихтиёрий тартибда амалга оширилиши;

– рўйхатга қўйиш чоғида ўтказиладиган маслаҳат бериш тадбирлари;

– ахборотни таҳлил қилиш натижаларига кўра ариза берувчи қуйидаги уч гуруҳдан бирига киритилиши:

а) ҚҚСга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;

б) ҚҚСга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

с) ҚҚСга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи оз бўлган тадбиркорлик субъектлари;

– рўйхатга қўйиш ва рўйхатга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

– рўйхатга қўйишни бекор қилиш асослари ва тартиблари жорий этилаётганлиги ҳақида тушунча берди.

Бунга жавобан, Палата Раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов лойиҳанинг мазкур банди бўйича Палатанинг 2019 йил 17 октябрдаги 1216д-сонли жамоатчилик экспертиза хулосасининг 2-бандига кўра, рўйхатдан ўтаётган тадбиркорлик субъекти жойлашган жойга бориш ноқонуний текшириш хавфини келтириб чиқариши ва тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашишига олиб келишини инобатга олиб, 19-банднинг учинчи хатбошисини чиқариб ташлаш ва маълумотларни тадбиркор жойлашган жойига бормасдан олиш чорасини кўриб чиқиш тавсия этилганлигини билдирди.

“ANGLESEY-FOOD” шўъба корхонаси таъсисчиси З.Хошимов ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтувчи субъектларни рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида бериладиган гувоҳнома барча ҚҚС тўловчилар учун бир хил бўлса, уларни қандай қилиб хавфи ўрта ёки оз бўлган тадбиркорлик субъекти эканлигини ажратиш мумкинлиги ва нима учун ҚҚС тўловчиларни бундай гуруҳларга ажратилиши кераклигини сўради. Қўшимча сифатида лойиҳанинг
23-26-бандларида келитирилаётган тадбирларни хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказиш жараёнида қўллаш мумкин эканлигини билдирди.

Бунга жавобан Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи А.Хошимов, бундай тартиб, яъни ҚҚСга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига давлат солиқ органи томонидан ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлишини билдирди.

“Arbitrajniy-Dom-Muxamedbayeva” МЧЖ директори А.Мухамедбаев Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига кўра, солиқ даври давомида ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошган юридик шахслар ҚҚС тўловчи ҳисобланиши, ушбу Низом Кодексдаги тушунчаларни ўзгартираётганлигини, яъни солиқ органи тадбиркорни ҚҚС тўловчи ёки ҚҚС тўловчи эмаслигини ҳал қила олмаслигини, бунинг учун Кодекс борлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, И.Жасимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4389-сон Қарорининг 2-бандига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олиниши белгилаб қўйилганлигини ва солиқ хизмати органлари барча тадбиркорларни ҚҚС тўловчиси сифатида ҳеч қандай шартларсиз, мажбурий ҳисобга олиши кераклигини билдирди. Шу билан бирга, солиқ тўловчини хисобга қўйиш ҳуқуқларини чеклаш бўйича хеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслигини билдириб, Палатанинг юқорида қайд этиб ўтилган хулосасининг
4-бандига кўра, лойиҳанинг 28-банди, иккинчи хатбошисини чиқариб ташлаш тавсия этилганлигини билдирди.

Банк-молия масалалари бўйича экспертлар кенгаши аъзоси, АТ “Ўзсаноатқурилишбанк” масъул ходими У.Аминова Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4389-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҚҚС тўловчилар мажбурий ҳисобга олиниши кераклигини, бунда ҳисобга қўйиш учун чекловлар белгилаш нотоғри эканлигини билдириб, қуйидаги ҳолатлар вужудга келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди:

1. Солиқ тўловчининг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, у ҚҚС тўловчиларнинг барча мезонларига мос келишига қарамасдан ўз фаолиятини ҚҚС тўламасдан ноқонуний амалга ошириб бориши;

2. ҚҚС тўловчиларни гуруҳларга ажратиш коррупциявий омилларни келтириб чиқариши.

Шу билан бирга, ушбу ҳолатларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4389-сон Қарори ижросини таъминлаш, яъни Кодекс талабларига мос келадиган барча тадбиркорларни ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилиши лозимлигини билдирди.

И.Жасимов ўз сўзида Эксперт кенгаши аъзоси У.Аминованинг билдирган фикрларини қўллаб-қувватлаб, лойиҳада рўйхатдан чиқариш (аннулирование) бўйича ҳуқуқий институт мавжуд эканлигини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4389-сон Қарори талабларидан келиб чиқиб, ҚҚС тўлаш мажбурияти юкланган тадбиркорларнинг барчасини ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олиш ва кейинчалик уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ назорати тадбирларини (камерал назорат) ўтказиш орқали ҚҚС тўловчини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини билдирди. Шу боис, мазкур Низом талабларини қайта кўриб чиқиш ва тадбиркорнинг фаолиятидаги камчиликларини бартараф этишига кўмак бериш ҳамда уларни ҚҚС тўловчи рўйхатида сақлаб қолиш чораларини кўриш, агарда буни имкони бўлмаса ёки тадбиркор ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйсагина, ҚҚС тўловчилар рўйхатидан чиқариш (аннулирование) масаласи кўриб чиқилиши юзасидан таклифларини билдирди.

Ушбу таклифларни йиғилишда иштирок этган тадбиркорлар ҳамда Экспертлар кенгаши аъзолари қўллаб-қувватлади ва қарор қилди:

  1.  Лойиҳа, ҚҚС тўловчиларни ҳисобга олиш орқали бу соҳадаги муносабатларда ҳуқуқий тартиб ўрнатилишига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилсин.
  2.  Лойиҳа юзасидан Палата томонидан муқаддам Жамоатчилик экспертизаси ўтказилиб, берилган тавсиялар эътиборга олиниб, яна бир бор муҳокама қилиш лозимлиги эътироф этилсин.
  3.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4389-сон Қарорининг
    2-бандида, ҚҚС тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олиниши, яъни ҳисобга олишдан олдин бирон-бир шарт белгиланмаганлиги қайд этилсин.

Шу боис ва Палатанинг Жамоатчилик экпертизаси хулосасининг 2-бандидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартиб ўрнатилиши тавсия этилсин:

  • ҚҚС тўловчиларни олдиндан шартлар белгиламасдан мажбурий тартибда рўйхатга олинсин. Шу боис, лойиҳада таклиф этилган “Ихтиёрий равишда рўйхатга қўйиш тартиби” маъқулланмасин;
  • рўйхатга олингандан сўнг қонунда белгиланган тартибда, камерал назорат ўтказиб, ҚҚС тўловчида мавжуд бўлган камчиликларни унга кўмак берган ҳолда бартараф этиш ва мазкур Низом талабларига мослаштириш. Агарда, бунинг имкони бўлмаса мазкур Низомда белгиланган тартибда уни суд орқали ҚҚС тўловчилари рўйхатидан чиқариш (аннулирование).

Шу боис, лойиҳадан ҚҚС тўловчилари рўйхатига кирувчи тадбиркорларни учта тоифага бўлиниши ҳамда рўйхатга киритишни рад этиш тартиби маъқулланмасин.

  1. Лойиҳанинг 19-банди учинчи хатбошисида белгиланган, рўйхатдан ўтказилаётган тадбиркорлик субъекти жойлашган жойга бориш тартиби маъқулланмасин ва тадбиркорлик субъектларини ўрганиш масалаларини камерал назорат усули орқали амалга оширилиши тавсия этилсин.
  2.  Лойиҳада рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи белгиланиши тавсия этилсин.

ССП Ахборот хизмати