05.12.2019 761

ССП алкоголь ва тамаки маҳсулотлар талабларини оғирлаштиришни назарда тутувчи қонун лойихасига ўз эътирозини билдирди.


 

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 851 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди еттинчи хатбошига кўра, тамаки маҳсулоти тушунчасига қуйидагича таъриф бериш белгиланган: тамаки маҳсулоти – тўлиқ ёки қисман тамаки ёки унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган, шунингдек таркибида никотин бўлган ҳар кандай маҳсулот ва бундай маҳсулотни истеьмол қилиш учун мўлжалланган мосламалар, жумладан, тамакини қиздириш тизимлари, никотин етказиб бериш электрон воситалари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган дори воситалари бундан мустасно) ва турли усулларда истеъмол қилишга мўлжалланган ҳар қандай маҳсулот”.

Бунда, тамаки маҳсулотлари билан бир қаторда таркибида никотин бўлган ҳар қандай маҳсулот, бундай маҳсулоларни истеъмол қилиш учун мўлжалланган мосламалар, жумладан тамакини қиздириш тизимлари, никотин етказиб бериш электрон воситалари, шу билан бирга турли усулларда истеъмол қилишга мўлжалланган ҳар қандай маҳсулот тамаки маҳсулотлари сифатида белгиланган.

Аммо, юқорида келтирилган мослама ва асбоб-ускуналар, табиийки тамаки маҳсулотлари ҳисобланмайди. Шунингдек, турли усулларда истеъмол қилишга мўлжалланган ҳар қандай маҳсулот тушунчаси эса, инсон томонидан истеъмол қилиниши мумкин бўлган барча маҳсулотларни қамраб олади.

Бундан ташқари, мазкур нормада келтирилган таркибида никотин бўлган ҳар кандай маҳсулот ибораси таркибида турли миқдорда никотин бўлган ҳар қандай маҳсулотни (инсон саломатлиги учун зарари мавжуд бўлмаган маҳсулотни ҳам) тамаки маҳсулоти деб топишга асос бўлиши мумкин.

Булар эса, турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши, амалиётда ҳар хил талқин қилиниши мумкин.

Мазкур норманинг ушбу таҳрирда берилиши эса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Конвенциясининг (кейинги ўринларда Конвенция) 1-моддаси билан асослантирилган. Аммо, унда келтирилган тушунчага кўра, “тамаки маҳсулотлари” – чекиш, сўриш, чайнаш ёки нафас олиб ютиш учун ишлатиш мумкин бўлган тарзда хом ашё материали сифатида тамаки баргидан тўлиқ ёки қисман тайёрланган маҳсулотларни англатади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада “тамаки маҳсулотлари” тушунчасига Ковенция нормалари доирасида аниқ таъриф бериш, таркибида никотин бўлган маҳсулоттушунчасига ушбу маҳсулотнинг инсон саломатлигига хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, унинг минимум миқдорини белгилаган ҳолда, алоҳида таъриф бериш тавсия этилади.

2. Лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди ўн учинчи хатбошига кўра, носвой – шимиш учун мўлжалланган бўлиб, тамаки ва бошқа тамакисиз хом ашё (жумладан ишқор, оҳак, бўр)дан тайёрланган чекилмайдиган (тутунсиз) тамаки маҳсулоти тури”, - деб белгиланган.

Бунда, тамакисиз хом ашё (жумладан ишқор, оҳак, бўр)дан тайёрланган чекилмайдиган (тутунсиз) маҳсулот ҳам тамаки маҳсулоти тури сифатида белгиланган.

Шунингдек, мазкур тушунчадан қонун лойиҳасининг бошқа бирор нормасида фойдаланилмаган.

Бундан ташқари, тамаки маҳсулотининг ҳар қандай турига лойиҳада “тамаки маҳсулоти” сифатида тушунча берилган.

Шу боис, лойиҳада “носвой” тушунчасига алоҳида таъриф бериш зарурати мавжуд эмаслиги сабабли, юқоридаги нормани чиқариб ташлаш тавсия этилади.

3. Лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди ўн бешинчи хатбошига кўра, иш жойи – ходим ўз ишига боғлиқ ҳолда бўлиши ёки келиши шарт бўлган, иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида турадиган жой, шу жумладан, ходим меҳнат фаолиятини амалга ошириш вақтида фойдаланадиган (йўлаклар, лифтлар, зинапоялар, ҳожатхоналар, дам олиш хоналари, турли хизмат хоналари ва ҳ.к.) жой, шу жумладан транспорт”, - деб белгиланган.

Лойиҳада ушбу тушунча иш жойида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмолини чеклаш мақсадида келтирилган.

Бироқ, бунда очиқ ҳаводаги жойлар ҳам иш жойи деб белгиланиши (қишлоқ хўжалиги соҳаси, қурилиш майдонлари, коммунал хизмат соҳасида ишловчи ходимлар учун) мумкинлиги, юқоридаги тушунчанинг ушбу шаклда белгиланиши эса, унинг амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши инобатга олинмаган.

Шу боис, лойиҳада мазкур тушунчага таъриф беришда иш жойининг ёпиқ ёки ўралган ҳудудда жойлашганлигини алоҳида келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ.

4. Лойиҳанинг 1-моддаси 1-банди ўн бешинчи хатбошига кўра,тиббий огоҳлантиришлар - алкоголь маҳсулоти идиши, тамаки маҳсулоти истеъмол ўровида (бирламчи ўров, қутиси, блок), шу жумладан тамаки қиздириш тизими, никотин етказиб бериш электрон воситаларининг (улар учун суюқликлар) истеъмол ўровида, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда жойлаштириладиган матнли ёзувни ўз ичига оладиган фототасвирлар кўринишидаги алкоголь ёки тамаки маҳсулотлари (никотин)ни истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборот”, - деб белгиланган.

Бунда, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан бир қаторда тамаки қиздириш тизими, никотин етказиб бериш электрон воситаларининг (улар учун суюқликлар) истеъмол ўровида, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда ҳам тиббий огоҳлантиришлар жойлаўтирилиши белгиланган.

Аммо, юқорида келтирилган Конвенциянинг 11-моддаси 1-банди “а” кичик бандида тиббий огоҳлантиришлар фақатгина тамаки маҳсулотларининг ташқи ўровида бўлиши лозимлиги белгиланган (яъни унда, тамаки маҳсулотлари истеъмолида фойдаланувчи мослама ёки тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда тиббий огоҳлантиришларнинг жойлаштирилиши назарда тутилмаган).

Бундан ташқари, юқоридаги нормага кўра, тамаки маҳсулотларининг блокида ҳам тиббий огоҳлантиришларнинг жойлаштирилиши белгиланган.

Аммо, Конвенциянинг 11-моддаси 4-бандига кўра, ташқи ўров тушунчаси тамаки маҳсулотларининг чакана савдосида қўлланилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги 74-сонли қарори билан тасдиқланган Тамаки маҳсулотлари тўғрисидаги умумий техник Регламентнинг 5-бандига асосан, блок – маълум миқдорда тамаки маҳсулотлари истеъмол ўровларини жамлаб олувчи гуруҳланган истеъмол қадоқ бирлиги бўлиб, у тамаки маҳсулотларининг чакана савдосида фойдаланилмайди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг тегишли нормаларидан тамаки маҳсулотларининг блокида, тамаки қиздириш тизими, никотин етказиб бериш электрон воситаларининг (улар учун суюқликлар) истеъмол ўровида, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда тиббий огоҳлантиришларнинг жойлаштирилишини назарда тутувчи нормаларни чиқариб ташлаш тавсия этилади.

5. Лойиҳанинг 1-моддаси 6-бандида алкоголь ва тамаки маҳсулотларида жойлаштириладиган тиббий огоҳлантиришлар маҳсулотлар асосий юзасининг камида 65 фоизини эгаллаши лозимлиги белгиланган.

Конвенциянинг 11-моддаси 1-банди “iv” кичик бандида эса, тамаки маҳсулотлари қадоқларидаги тиббий огоҳлантиришлар қадоқ асосий юзасининг 50% ёки ундан ортиқ қисмида, аммо 30% дан кам бўлмаган миқдорида бўлиши белгиланган.

Шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқининг Тамаки маҳсулотлари тўғрисидаги техник регламентига асосан, бундай тиббий огоҳлантиришлар миқдори 50% даражада белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, тиббий огоҳлантиришлар маҳсулотлар асосий юзасининг камида 50 фоизини эгаллаши лозимлиги белгилаш мақсадга мувофиқ.

6. Лойиҳанинг 1-моддаси 7-бандида “Чилим маҳсулоти (хизматлари)ни сотиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ихтисослаштирилган объектларда амалга оширилади”, - деб белгиланган.

Аммо, бунда “ихтисослаштирилган объектлар” тушунчаси аниқлаштирилмаган. Бу эса, амалиётда турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, бундай ихтисослаштирилган объектлар қандай объектлар бўлиши мумкинлигини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ.

7. Лойиҳанинг 1-моддаси 11-бандида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг фирма номлари ва товар белгиларини, жумладан, кўнгилочар тадбирларни ўтказиш жойларига ва чакана савдо жойларига, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сақлаш ускуналари устига жойлаштириш, хусусан, бундай маҳсулот логотиплари ва савдо ёрлиқларига ўхшатиладиган фирма ранги ёки ранглар бирикувидан фойдаланиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг фирма номлари ва товар белгиларини бошқа товар турларига жойлаштириш, шунингдек бундай товарларни реализация қилиш” таъқиқланиши белгиланган.

Аммо, “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига мувофиқ, фирма номларидан товарларда, уларнинг идиши ва ўровида, рекламада, пешлавҳаларда, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда, босма нашрларда, товарларни Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган кўргазмалар ва ярмаркаларда намойиш этиш вақтида фойдаланилиши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонуннинг 6-моддасига кўра, юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Яъни, мазкур фирма томонидан ишлаб чиқарилган бошқа маҳсулотларда ҳам ушбу юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланиши мумкин.

Шу боис, юқоридаги нормаларни мазкур қонун талабларини инобатга олган ҳолда, қайта кўриб чиқиш лозим.

8. Лойиҳанинг 5-моддаси 2-бандига кўра, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, муассасалар, ташкилотлар, корхоналар, шу жумладан савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарининг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан белгиланмаган жойларда тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилганлиги учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш белгиланган.

Аммо, амалиётда ушбу шахслар томонидан ўзига тегишли бўлган ҳудудларни кеча-ю кундуз узлуксиз назорат қилиш, ушбу ҳудудларда бошқа шахслар томонидан тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинмаслигини таъминлаш имконияти мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил18 декабрдаги ПҚ-4063-сонли қарори билан тасдиқланган 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастурининг 2-бандида амалдаги қонунчиликка жамоат жойларида ва транспортнинг белгиланмаган жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш бўйича ваколатли шахслар томонидан (корхона, ташкилот, муассасаларнинг маъмуриятлари, шу жумладан жамоат жойларида жойлашган иншоот, бино (иморат), бошқа объектлар ҳамда транспорт воситаларининг эгалари) чоралар кўрилмагани учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.

Шу боис, лойиҳанинг 5-моддаси 2-бандини мазкур норма талабларига мослаштириш лозим.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5656-сонли Фармонига кўра, маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилишда рухсат этиш гувоҳномаси талаб этилмаслиги, шунингдек ушбу маҳсулотларни республика ҳудудига олиб киришда  ва реализация қилишда бир қатор енгилликларни бериш белгиланган.

Мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий виноларни реализация қилиш, реклама қилиш ҳамда уларнинг ўровларига нисбатан талабларни белгилашда соддалаштирилган тартибни назарда тутиш тавсия этилади.

Бу борадаги фаолият давом этмоқда.

ССП Ахборот хизмати