18.12.2019 386

БИЗНЕС ЛОЙИҲАЛАР ТАНЛОВИ


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида техник ёрдам кўрсатиш (грант маблағлари ажратиш) бўйича БИЗНЕС ЛОЙИҲАЛАР ТАНЛОВИ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ.

Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар қандай мақсадларга қаратилиши керак?

Танловда қатнашиш учун таклиф этиладиган бизнес лойиҳаларнинг мақсади “Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳасининг (бундан кейин матнда “Лойиҳа” деб юритилади) асосий мақсадларига мос келиши лозим. Лойиҳанинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • Фарғона водийси фермерларининг иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш;
  • Қишлоқ хўжалик махсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш.

Танловда кимлар қатнашиши мумкин?

Танловда ўзларининг янги бизнес лойиҳалари билан турли тадбиркорлик субъектлари қатнашишлари мумкин. Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар ташаббускорлари 2 йилдан кам булмаган давр мобайнида фаолият курсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, фермер хўжаликлари, агрофирмалар, хусусий корхоналар, қишлоқ хўжалиги бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналар ва бошқа юридик шахслар бўлиши мумкин.

Бизнес лойиҳалар қайси ҳудудлардан қабул қилинади?

            Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар ташаббускорлари Фарғона водийси вилоятларининг Лойиҳа амалга ошириладиган мақсадли туманларида жойлашган бўлишлари ҳамда ушбу бизнес лойиҳалар ана шу мақсадли туманлар ҳудудида амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиши керак.

            Лойиҳа амалга ошириладиган мақсадли туманлар қуйидагилардир:

Андижон вилоятида: 1) Андижон тумани, 2) Асака тумани, 3) Хўжаобод тумани.

Наманган вилоятида: 1) Янгиқўрғон тумани, 2) Чортоқ тумани, 3) Чуст тумани.

Фарғона вилоятида: 1) Қувасой шахри, 2) Қува тумани, 3) Олтиариқ тумани

Таклиф этиладиган бизнес лойиҳалар қайси йўналишларда бўлиши мумкин?

Танловда қатнашиш учун бизнес лойиҳалар мева ва сабзавотларни етиштириш, уларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш жараёнларидаги фаолият йўналишларидан бирини ёки уларнинг бир нечтасини ўз ичига қамраб олган бўлиши мумкин.

Қуйида танловда иштирок этиш учун таклиф этилиши мумкин бўлган бизнес лойиҳаларга бир нечта мисоллар келтириб ўтилади:

  • Мева ва сабзавот етиштириш жараёнида сувни тежовчи суғориш тизимларини тадбиқ этиш;
  • Юқори қийматли мева ва сабзавотлар етиштириш;
  • Мева ва сабзавотларнинг янги навларини, жумладан, қурғоқчилик ва бошқа иқлим ўзгариши ҳолатларига бардошли навларининг тадбиқ этилиши;
  • Тупроқни бошқариш (тупроқ унумдорлигини ошириш) бўйича инновацион ва илғор усулларни тадбиқ этиш;
  • Ресурслардан тежамкор фойдаланиладиган ва энергия самарадорлиги юқори бўлган технологияларни тадбиқ этиш;
  • Мевали дарахтлар ҳамда сабзавотлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши комплекс кураш чораларининг тадбиқ этилиши;
  • Органик ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик воситаларини ишлаб чиқариш;
  • Мева ва сабзавотларни етиштириш, йиғиштириб олиш, сақлаш ва экспорт қилиш жараёнларида хизмат кўрсатишни ташкил этиш;
  • Мева ва сабзавотларни қайта ишлаш;
  • Мева ва сабзавотларни сақлаш, саралаш (калибровка қилиш) ва қадоқлаш;
  • Мева ва сабзавотларни қадоқлаш ва ташиш учун иқтисодий самарадор ва экологик тоза идишлар ва материаллар ишлаб чиқариш;
  • Мева ва сабзавотлар етиштириш, йиғиб олиш, сақлаш ва экспорт қилиш жараёнларида логистика хизматлари;
  • Органик махсулот етиштирш;
  • Ва бошқа шу каби бизнес лойиҳалар

Бизнес лойиҳаларни молиялаштириш қандай амалга оширилади?

“Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси томонидан молиялаштириш учун танлаб олинган ҳар бир лойиҳага 5000 (беш минг) АҚШ долларидан 20000 (йигирма минг) АҚШ долларигача молиявий ёрдам кўрсатилиши мумкин.

Лойиҳа томонидан танлаб олинган бизнес лойиҳаларга молиявий ёрдам кўрсатиш (грант ажратиш) асосий воситаларни (ускуналар, оргтехника, қурилиш материаллари ва шу кабиларни) сотиб олиб бериш орқали амалга оширилади. Молиявий ёрдам пул кўринишида, ҳамда айланма маблағларни кўпайтириш мақсадларига берилмайди.

Таклиф этиладиган бизнес лойиҳаларни амалга ошириш биргаликдаги молиялаштириш шарти асосида бўлади. Яъни, бизнес лойиҳалар ташаббускорлари ҳам ўзлари таклиф этаётган лойиҳаларини амалга оширилишини молиялаштиришда иштирок этишлари лозим. Бизнес лойиҳа ташаббускорининг молиялаштиришдаги улуши бизнес лойиҳа умумий суммасининг энг камида 51%ини ташкил этиши лозим.

Танловнинг ўтказилиш тартиби ва муддатлари қандай?

Бизнес лойиҳалар танлови қуйидаги тартибда (жараёнларда) амалга оширилади:

Биринчи қадам. Дастлаб, танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳар бир иштирокчи махсус ишлаб чиқилган “Ариза Формаси”ни (саволномани) тўлдириши ва “Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳасининг Наманган шахридаги офисига, бевосита лойиҳа вакилларига тақдим этишлари лозим (аризалар сканер қилинган ҳолда интернет орқали ҳам топширилиши мумкин).

Мурожаат учун манзил: Наманган шахри, Усмон Носир кучаси, 7-уй. Наманган вилоят Савдо Саноат Палатаси биносининг 2-қавати. Мурожаат учун телефон: +998 93 501-51-66, Мурожаат учун электрон манзил: bakhtiyorjon.toshtemirov@undp.org (Тоштемиров Бахтиёржон – Компонент менежери).

            Иккинчи қадам. Тақдим этилган “Ариза Формаси” асосида лойиҳа вакиллари дастлабки ўрганишни амалга оширишади. Ўрганиш давомида бизнес лойиҳа ташаббускорлари билан учрашилиши, уларнинг жойлари бориб кўрилиши мумкин. Тақдим этилган бизнес лойиҳа “Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси талабларига ва асосий мақсадларига мос келган тақдирда бизнес лойиҳа ташаббускига “Бизнес Режа” тайёрлаш таклиф қилинади.

            Учинчи қадам. Бизнес лойиҳа ташаббускорлари томонидан ишлаб чиқилган ва тақдим этилган Бизнес Режалар махсус ташкил этилган вилоят “Танлов комиссияси” томонидан кўриб чиқилади ва танлов учун ишлаб чиқилган “Бизнес лойиҳаларни бахолаш меъзонлари” асосида бахоланади. Энг яхши деб топилган ҳамда энг юқори балл тўплаган бизнес лойиҳалар Комиссия томонидан молиялаштиришга тавсия қилинади.

Бизнес лойиҳалар таклифларини дастлабки босқичда кўриб чиқиш учун, тўлдирилган “Ариза Формалари” 2020-йилнинг 31-январь кунига қадар қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ССП ҳамда БМТТД ҳамкорлигида амалга оширилаётган

“Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида техник ёрдам олиш (грант олиш)

учун бизнес лойиҳалар танловининг 1-босқичида қатнашиш

АРИЗА ФОРМАСИ*

1) Бизнес лойиҳа ташаббускори хақида маълумот:

   - Ташкилотингизнинг номи ва манзили;

   - Ташкилот рахбарининг исми ва манзили;

   - Ташаббускорнинг алоқа маълумотлари (телефон, электрон манзил ва б.)

2) Тақдим этилаётган бизнес лойиҳанинг қисқача тавсифи:

   - Бизнес лойиҳангизнинг номи;

   - Бизнес лойиҳа мазмуни, фаолият йўналиши, ишлаб чиқариладиган махсулот (хизмат);

   - Лойиҳа жойлашадиган ва амалга ошириладиган манзил.

3) Таклиф этилаётган бизнес лойиҳанинг молиялаштирилиши:

   - Лойиҳанинг умумий бюджети (сарфланадиган умумий харажатлар суммаси);

   - Грант сифатида сўралаётган сумма ва улар нима мақсадларга сарфланади;

   - Лойиҳа ташаббускори томонидан қўшиладиган сумма ва улар нима мақсадларга сарфланади.

4) Ишлаб чиқиладиган махсулотнинг (кўрсатиладиган хизматнинг) реализацияси:

   - Ишлаб чиқариладиган махсулотнинг (хизмат) асосий истеъмолчилари ва харидорлари кимлар;

   - Махсулот сотиладиган асосий худудлар (қаерарда сотиш мўлжалланган);

   - Махсулот сотиш усуллари (улгуржи сотасизми, чакана сотасизми, экспорт қиласизми ва х.к.).

5) Ташкил этилаётган янги ишчи ўринлари:

   - Ташкил этилаётган умумий янги иш ўринлари сони қанча;

   - Шу жумладан, аёллар ва ёшлар учун ташкил этилаётган янги иш ўринлари сони қанча.

6) Бизнес лойиҳа ташаббускорида таклиф этилаётган лойиҳа йўналиши бўйича тажриба, билим ва малаканинг мавжудлиги:

   - Сиз ва/ёки сизнинг ходимларингиз ушбу йуналиш бўйича қандай (ва қанча) тажрибага эгасиз;

   - Таклиф этилаётган йўналиш бўйича билим ва малакаларга эгамисиз (улар қандай).

7) Инновациялар, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирлари ва атроф мухитга таъсири:

   - Мазкур бизнес лойиҳада қандай инновацион усуллар ва/ёки янги ечимлар, технологиялар тиклиф этилмоқда;

   - Мазкур бизнес лойиҳада иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича қандай чоралар таклиф этилмоқда;

   - Бизнес лойиҳанинг амалга оширилиши атроф муҳитга қандай таъсир кўрсатиши мумкин.

8) Лойиҳани амалга ошириш муддатлари:

   - Бизнес лойиҳани ишга тушириш ва дастлабки махсулотни ишлаб чиқаришга қанча муддат талаб этилади;

   - Тўлиқ ишлаб чиқариш қувватига эришиш учун қанча муддат талаб этилади.

9) Бизнес лойиҳани амалга оширилишидан кутилаётган иқтисодий натижалар:

   - Ишлаб чиқариладиган махсулотнинг (кўрсатиладиган хизматларнинг) вақтлар бўйича хажмлари қандай (1 ойда қанча махсулот, 1 йилда қанча махсулот ишлаб чиқарилади);

   - Бизнес лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида олинадиган соф фойда хажми (хар 1 ойда ва/ёки хар 1 йилда).

10) Таклиф этилаётган бизнес лойиҳаларни кенгайтириш ва кўпайтириш имкониятлари:

   - Таклиф этаётган бизнесингизни кейинчалик кенгайтирасизми, қачон ва қандай қилиб);

   - Таклиф этилаётган бизнес лойиҳани бошқалар ҳам ўрганиб, ўзларида ташкил қилишлари қийин бўлмайдими. Бу борада бошқаларнинг имкониятлари қандай.

**** Танловда иштирок этиш учун ушбу Ариза Формаси, юқоридаги 10 та бўлим саволларига кенгайтирилган маълумотлар бериш орқали тўлдирилиши, компьютерда печат қилиниши, имзоланиши, муҳрланиши ва Лойиҳа вакилларига тақдим этилиши керак (интернет орқали ҳам тақдим этилиши мумкин).