24.05.2016 3884

Ўзбекистонда болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати


Бугунги кунда болалар ўйинчоқлари ҳар бир оилада, хонадонимизда болаларни тарбиялашда, уларни ўстириб вояга етказишда муҳим аҳамиятга эгадир. Болалар ўйинчоқлари болаларни тўлақонли ривожланиши, аввало, уларнинг ҳаракатланиш ва ақлий имокниятларини рўёбга чиқаришга катта замин яратади. Шунинг учун ҳам  ота оналар, яқинларимиз болаларнинг тўлиқ ривожланишлари учун яхши, сифатли, фойда келтирадиган ҳамда боланинг ривожланишига имконият берадиган ўйинчоқларни харид қилишга интиладилар. Ўйинчоқлар болаларда, аввало, ташқи дунёни англашни, яхшилик ва гўзаллик каби тушунчаларни шакллантиришда ёрдам беради.

Бугун маҳаллий ўйинчоқлар ишлаб чиқариш тармоғи жадвал ривожланиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва корхоналарнинг сони кўпайиб бормоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар четдан импорт қилинаётган арзон ва сифати жуда яхши бўлмаган ўйинчоқлар билан бемалол рақобатлаша оладиган ўзимизда оддий шақилдоқлардан тортиб мураккаб конструкторлик жамламаларини ҳам муваффақиятли ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқдалар. Бунинг замирида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда имкониятлар ётади.

   

Бироқ республикамизда болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқариш ривожланиб бориши билан тармоқда ечимини кутаётган муаммолар, ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги қийинчиликлар ҳали ҳам мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш ва болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш тармоғининг келажакда ривожланиш йўналишларини белгилаб олиш долзарб вазифалар қаторига киради.

Шу муносабат билан, 2016 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қатор мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқарувчилар ва ихтисослашган савдо дўконлари ва мажмуалари вакилларини жалб этган ҳолда мазкур давра суҳбатини ташкил этилди.

Давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни келажакда янада ривожлантириш, ўйинчоқларнинг сифатини яхшилаш, маҳсулот ассортиментини кенгайтириш ҳамда болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборатдир.

   

Маълумки, болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш саноати шунчаки, ишлаб чиқариш бўлмасдан вояга етаётган ёш авлодни ривожланиши, тарбияси ҳамда имкониятларини кенг очиб беришга хизмат қиладиган тармоқлардан саналади. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бозори аввало, 0 дан 12 ёшгача болаларни ўз ичига олади ва бу ўз навбатида ҳар қандай давлатдаги аҳолининг ўртача 25-30 % ни ташкил этади. Мазкур ҳолат болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқариш саноатини маҳаллий бизнеснинг илмий-техникавий, ижод ва ишбилармонлик соҳаларидаги салоҳиятларини кенг қўллаган ҳолда ўйинчоқлар ассортиментини янада кенгайтириш, болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган ўйинчоқларни хорижий бозорларга экспорт қилишда катта имкониятларни юзага келтиради.   

Бу борада сифатли ва хавфсиз бўлган болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш ҳар қандай давлат учун соғлом болаларни вояга етказишда ўта муҳим масалалар сирасига киради.

Шунинг учун сифатли болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш четдан келтирилаётган арзон гаров ўйинчоқларни ҳажмини камайиишга, ички бозоримизни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг болалар ўйинчоқларини хорижий бозорларга экспорт қилинишига замин яратади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси

Матбуот хизмати