26.12.2019 1394

Инвесторларнинг национализация ва экспроприациядан ҳимояланиши кафолатланди


Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат 9 декабрь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 14 декабрь куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонунга кўра инвестициялар — инвестор томонидан фойда олиш мақсадида ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва бошқа фаолият турлари объектларига таваккалчиликлар асосида киритиладиган моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар ҳисобланади.

Инвестициялар, қонунга мувофиқ, мўлжалланган объектига кўра капитал, молиявий ва ижтимоий турларга бўлинади.

Асосий фондларни яратиш ва такрор кўпайтиришга, шу жумладан янги қурилишга, модернизация қилишга, реконструкция қилишга, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, шунингдек моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар капитал инвестициялар жумласига киради.

Акциялар, корпоратив, инфратузилмавий ва давлат облигацияларига, шунингдек қимматли қоғозларнинг бошқа турларига киритиладиган инвестициялар молиявий инвестициялар жумласига киради.

Инсон салоҳиятини, кўникмаларини ва ишлаб чиқариш тажрибасини ривожлантиришга, шунингдек номоддий бойликларнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар ижтимоий инвестициялар жумласига киради.

Ҳужжатда инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, инвестицион фаолият субъектлари ҳуқуқларининг давлат томонидан кафолатланиши кўзда тутилган.

Жумладан, инвесторларга хорижий валютадаги пул маблағларини Ўзбекистонга ва ундан ташқарига солиқлар ва тўловларни тўлаш шарти билан ҳеч қандай чекловларсиз эркин олиб кириш ва олиб чиқиш, жумладан репатриация учун валюталарни айрибошлаш эркинлиги кафолатланмоқда.

Чет эллик инвестор инвестиция фаолиятини тугатгандан сўнг инвестиция фаолиятини тугатиш натижасида олинган ўз активларини нақд пул ёки натурал шаклда чет эллик инвесторнинг Ўзбекистонга ёхуд бошқа кредиторларга нисбатан мажбуриятларини бажариш учун зарар етказмаган ҳолда эркин репатриация қилиш ҳуқуқига эга.

Агар қонун ҳужжатларининг бажарилиши инвесторга ёки инвестицияларга зарар етказадиган бўлса, ушбу қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Агар Ўзбекистоннинг кейинги қонун ҳужжатлари инвестиция қилиш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, инвестиция қилиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари чет эл инвесторларига нисбатан инвестиция қилиш пайтидан эътиборан ўн йил мобайнида қўлланилади. Инвестор ўзининг инвестиция қилиш шарт-шароитларини яхшилайдиган янги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўз хоҳишига кўра қўллаш ҳуқуқига эга.

«Давлат инвестицияларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Инвесторларнинг инвестициялари ва бошқа активлари национализация қилинмайди», — дейилади қонунда.

Инвесторларнинг инвестициялари ва бошқа активлари реквизиция (экспроприация) қилинмайди, бундан табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотийлар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳоллар мустасно.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ҳужжат 26 декабрь куни расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Манбаа:gazeta.uz

ССП Ахборот хизмати