06.01.2020 449

Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро мукофот билан тақдирланди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Турк дунёсини тиклаш учун қўшган улкан ҳиссаси учун» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот Турк дунёси ёзувчилари, зиёлилари ва санъат арбоблари жамғармаси TÜRKSAV (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı) томонидан таъсис этилган.  

Ўзбекистон Президентининг ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланиши ҳақида TÜRKSAV’нинг Анқарадаги махсус матбуот анжуманида эълон қилинди.  

Совриндор номи Туркияда ва хориждаги атоқли сиёсатчилар, иқтисодчилар, фан ва санъат вакилларининг 2019 йилдаги фаолиятини кузатиш ва ўрганиш асосида TÜRKSAV’нинг ҳайъат комиссияси томонидан эълон қилинган. 

Матбуот анжуманида нутқ сўзлаганлар Ўзбекистонда барча соҳаларда Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашган. Шунингдек, Мирзиёевнинг жадал ислоҳотчилик фаолияти, унинг нафақат Ўзбекистон ва унинг халқи, балки бутун Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун қулай ташқи ва ички шароитларни шакллантиришда ўз аксини топаётган шахсий сифатлари таъкидлаб ўтилган.  

TÜRKSAV мукофотининг махсус рамзи топширилиши 2020 йил май ойида Анқарада тантанали равишда бўлиб ўтади.

TÜRKSAV раҳбари, турк ёзувчиси Яҳё Энгин барча иштирокчилар номидан Ўзбекистон раҳбарига “чуқур ҳурмат изҳорини, унинг Ўзбекистон, Марказий Осиё, Туркия ва умуман Турк дунёси олдидаги мислсиз ва тарихий хизматларининг самимий тан олиниши билан чин қалбдан муборакбод этишни” етказиб қўйишни сўраган.  

Турли йилларда ушбу нуфузли мукофотга Туркия президенти Сулаймон Демирел, Озарбойжон президенти Ҳайдар Алиев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Турк дунёсининг бошқа давлатлари сиёсатчилари, тадбиркорлари ва санъат вакиллари сазовор бўлишган.

 

Манбаа: kun.uz

ССП Ахборот хизмати