15.01.2020 248

Экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Жаҳонда иқтисодий рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги даврда барқарорликнинг асосий омили ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллашдир. 

Экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида ўтган йили мамлакатимиз экспорти ҳажми 28 фоизга ўсди. Ҳудудий саноат экспорти қарийб 2 баробарга ошди.

Мазкур йўналишдаги кўрсаткичларни янада ошириш мақсадида бу йилдан бошлаб прогноз кўрсаткичларини белгилаш ва мониторинг қилиш бўйича янги тизим жорий этилди.

Авваламбор, экспорт прогнози 3 йиллик қилиб тасдиқланди. 2020 йил режаси ўтган йилгига нисбатан 22 фоиз кўп белгиланди. 

Видеоселектор йиғилишида экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштириш йўналишларига масъул мутасаддиларнинг вазифалари кўриб чиқилди. Ҳар бир доллардан унумли фойдаланиш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарларининг шахсий масъулияти белгиланди.

Давлатимиз раҳбари бундан буён тармоқ ёки ҳудуднинг масаласи деган сансоларлик бўлмаслиги, экспорт прогнози ижросини таъминлашга ҳар бир вазир, хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳоким билан бирга теппа-тенг жавоб беришини таъкидлади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жорий йилги экспорт прогнози ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиб, маҳсулотларни қаерга, қачон экспорт қилиш ва буни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш вазифаси қўйилди.

Тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ва автомобиль саноати каби етакчи тармоқлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига пахта толасини қайта ишлаш қувватларини 80 фоизга етказиш, янги корхоналар ҳисобига экспорт номенклатурасини диверсификация қилиш ҳамда географиясини кенгайтириш топширилди. 

Мамлакатимиз экспортёрларининг салоҳиятли бозорларга киришини енгиллаштириш учун имтиёзли савдо режимини жорий этиш, «GSP+» умумий преференциялар тизимига қўшилиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда мева-сабзавотлар экспорти масаласи атрофлича муҳокама қилинди. 

Мева-сабзавот экинларини экспорт талабидан келиб чиқиб оптимал жойлаштириш, салоҳиятли ташқи бозорларда савдо уйлари ва дилерлик тармоқларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Ихтисослашган 55 та туманда мева-сабзавотлар ишлаб чиқаришни кластер шаклига ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 

“Ўзстандарт” агентлигига ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 155 та фермер хўжалигида “Global G.A.P.” халқаро стандартини жорий этиш, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди. 

Экспорт фаолияти жозибадорлигини ошириш учун экспорт ва экспортолди молиялаштириш тизимини ташкил этиш, ташиш харажатларини қоплаш механизмини кенгайтириш борасида чора-тадбирлар белгиланди. 

Видеоселектор йиғилишида инвестицияларни жалб этиш масалалари таҳлил қилинди. 

Ўтган йили барча манбалар ҳисобидан ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 30 фоизини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ташкил этди. Саноати ривожланмаган, олис туманларга ҳам катта инвестициялар кириб борди. Умумий қиймати 5,4 миллиард доллар бўлган 145 та тармоқ ва 167 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилди.

Жорий йилдан бошлаб Инвестиция дастурлари янги тизим асосида ишлаб чиқилди. 2020 йил учун 1569 та хусусий ва тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан шу йилда 233 триллион 200 миллиард сўм, жумладан 7,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган. 

Йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарлари бу борада амалга ошириши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Тегишли вазирлик, идора ва ҳўжалик бирлашмалари раҳбарларига тармоқ лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича жавобгарлик юкланди. Ҳудудларда амалга ошириладиган тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги ҳар бир лойиҳага республика идоралари раҳбарлари масъул сифатида бириктирилди.

Мутасаддиларга галдаги лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ишларини якунлаб, хорижий инвесторлар билан шартномалар имзолаш ва ижросини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Видеоселекторда жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалар ижроси ҳам муҳокама қилинди. 

Президентимиз бюджет маблағларининг самарали сарфланиши, белгиланган 2 минг 190 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли бажарилишини қатъий назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда 372 та болалар боғчаси, 343 та мактаб, 228 та тиббиёт муассасаси, 61 та олий ўқув юрти, 44 та спорт иншооти, 187 та ичимлик ва оқова сув тармоғи, 241 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган.

Ўтган йили бошланган лойиҳаларни сифатли амалга ошириш, янги объектлар бўйича тендер савдоларини якунлаш ва молиялаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Президентимиз инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, инвестициялар самарадорлигини баҳолашда муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатиб ўтди.  

Мутасаддиларга хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда тармоқлар ва ҳудудлар бўйича инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш, бунда жалб қилинаётган инвестициялар самарадорлиги ва иқтисодий-ижтимоий таъсирини баҳолаш, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни йўналтириш учун етакчи соҳаларни белгилаш вазифаси қўйилди.

Инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришда биринчи навбатда инфратузилмага уланиш имкониятлари ва харажатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Бугунги куннинг долзарб масалаларидан яна бири – маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш орқали ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

2019 йил якуни бўйича локализация доирасида 800 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилди. Хусусан, поливинилхлорид, катанка, электродвигатель, шиша идишлар, маиший техника, ҳар хил дори-дармонлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Жорий йилдан бошлаб маҳаллийлаштириш дастурини янгича ёндашувлар асосида шакллантирамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Хусусан, 830 та лойиҳа доирасида 9 триллион сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Ўзагротехсаноат-холдинг” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Фармацевтика тармоғини ривожлантириш” агентлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари аниқ лойиҳаларни амалга оширишлари лозимлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳар бир вазирлик ва идора билан биргаликда бир ой муддатда 2020 йил маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидланидек, лойиҳаларни амалга оширишда асосий эътибор маҳсулотнинг рақобатбардошлиги ва иқтисодий самарадорлигига, таннархини камайтиришга қаратилиши керак.

“Ўзстандарт” агентлигига тадбиркорлик субъектларига импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши бўйича шахсий назорат ўрнатиш топшириғи берилди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатасига жойлардаги масъуллар билан биргаликда Республика саноат ярмаркаси доирасида тузилган шартномалар ижросини тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Видеоселектор йиғилишида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

ССП Ахборот-хизмати