20.06.2016 3969

Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастурининг 10 йиллик юбилейи нишонланди


2016 йил 17 июнь куни Тошкент шаҳридаги "Radissоn Blu Tashkent" меҳмонхонасида Федерал иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги (BMWi)нинг Ўзбекистон билан Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастурининг 10 йиллик юбилейи муносабати юзасидан анжуман ўтказилди.

Анжуман Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЦ) томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирнинг асосий ҳамкори сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги иштирок этди.

    

Анжуман доирасида ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан мунозара бўлиб ўтди, жумладан, хориж бозорларига кириб бориш масаласи алоҳида муҳокама қилинди: ўзбек ва немис компаниялари учун йўналишлар, стратегиялар, имкониятлар. Мазкур мунозара ишида Марказий Осиёда Германия иқтисодиёти вакиллари, «UzClaasAgro» ҚК, «Guhring» компанияси ва бошқалар иштирок этдилар.

    

ГИЦнинг Ўзбекистондаги вакили Гўзал Қаҳҳорова ҳамда «Ўзагроэкспорт» АЖ янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ва маркетинги бўйича директори Сардор Абасханов мева-сабзавот маҳсулотлари мисолида маҳаллий буюмлар экспортининг имкониятлари, шарт-шароитлари ва қўллаб-қувватланиши тўғрисида сўзладилар.

    

Анжуман давомида Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан 2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси корхоналари ва ташкилотлари учун бошқарув кўникмаларини яхшилаш бўйича ҳамкорликка оид иккитомонлама келишув меморандуми имзоланди.

    

Дастур тўғрисида қисқача маълумот:

Германия Федератив Республикаси (ГФР) Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2007 йилда қабул қилинган ташкилотлар ва корхоналар учун бошқарув кадрларини ўқитишда ҳамкорликка оид ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамкорлигида ўзбекистонлик менежерлар учун Германияда иш ўрганишни ташкиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Дастурнинг мақсади ГФР корхоналарида амалий қисқа муддатли иш ўрганишни ташкиллаштириш орқали маҳаллий корхоналар менежерларининг малакасини ошириш, менежмент соҳасида ғарбий «ноу-хау»ни ўрганиш, аввало, икки давлатнинг кичик корхоналари ўртасида бевосита алоқалар ва иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

    

Дастур фаолияти давомида 756 нафар кишидан 368 таси танлаб олинди ва қуйидаги йўналишлар бўйича Германияда иш ўрганиш учун юборилди: машинасозлик, консалтинг, тўқимачилик саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона иши, логистика, муқобил энергия манбалари, тиббиёт ва бошқалар.

Германияда иш ўрганган Дастур битирувчилари учун иш ўрганиб қайтганларидан сўнг менежерлар фаолияти натижаларини сарҳисоб қилиш, ўрганилган «немис тажрибаси» асосида иш ўрганувчилар ўз корхоналарида амалга ошира олган ўзгаришлар билан таништириш, иш ўрганиш натижаси сифатида юзага келган Германия-Ўзбекистон лойиҳалари билан танишиш, ГИЦ дастурининг халқаро сертификатларини топшириш мақсадида, «Follow-up» номли дастурдан кейинги семинар ўтказилади. Иш ўрганишлар натижаларини мустаҳкамлаш мақсадида, Дастурнинг 173 нафар ўзбекистонлик иштирокчиси учун Тошкент шаҳрида 8 та «Follow-up» семинари ташкил этилди ва ўтказилди.

2012 йилда ССП кўмагида Дастур иштирокчилари томонидан нотижорат нодавлат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Менежерлари ассоциацияси ташкил этилди.

Презентацияларни юклаш