20.03.2020 183

Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини амалга ошириш юзасидан видеоселектор ўтказилди


2020 йилнинг 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасисида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 19 март куни “Короновирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларида салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган” видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини ташкил этиш ва амалга ошириш юзасидан тор доирадаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Онлайн видеоселектор форматида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлик мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятининг мудири Ғ.Зияев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими А.Абидов иштирок этди.

Маълумки, бутун дунёда короновирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, шу жумладан инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали кўплаб чоралар кўрилмоқда.

Албатта, Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилади, шу боис, ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш ёки олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади.

Шу муносабат билан, мамлакатимизда тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат раҳбарининг “Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм ҳажмдаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • короновирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;
  • тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш;
  • аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағлар ажратишни ҳисобга олган ҳолда кенгайтириш;
  • иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш;

Фармон билан 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда:

якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси 50 фоизига қадар камайтирилди;

алкоголь маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади;

умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилади;

2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади;

қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади;

2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималарни қўллаш тўхтатилди в.ҳ.к....

Видеоселекторда бутун дунёда кузатилаётган чекловлар шароитида енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома орқали тадбиркорларни огоҳлантириш ва уларнинг ушбу борадаги мурожаатларини кўриб чиқиш, ҳал этиш муҳимлиги ва бу борада чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.

Фармондан келиб чиқиб, Бош вазир қабулхоналари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси короновирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқишда ҳамкорликда иш олиб боради.

Янги тизим яратмайди, аксинча мавжуд тизим асосида вазифалар ҳамкорликда, аҳилликда, бирдамликда амалга оширилади. Хусусан:

Бош вазир қабулхонаси электрон портали (business.gov.uz)да короновирус пандемияси натижасида фаолиятида зарар кўраётган тадбиркорлар мурожаатини кўриб чиқиш платформаси яратилади.

Платформага Қабулхона, Омбудсман, Палата ходимлари бир вақтнинг ўзида мурожаатларни келишилган форма асосида киритади ва Бош вазир қабулхоалари котибияти мурожаатни мазмунан кўриб чиқишга масъул бўлган тегишли идора, ташкилотга йўналтириш ва масъулнинг асосланган хулосасини олиш имкониятига эга бўлади.

Тизим қуйидаги тартибда ишлайди:

1. Мурожаат келиб тушган вақтнинг ўзида Қабулхона, Омбудсман, Палата ходимлари мурожаатни мазмунан белгилаган шакл асосида  business.gov.uz порталга киритади ва Бош вазир қабулхоалари котибияти шу куннинг ўзида масъул идора ва ташкилотга  мурожаатни бириктиради.

Шу куннинг ўзидаёқ, мурожаат business.gov.uz порталига жойлаштирилганлиги юзасидан масъул идора телефон орқали огоҳлантирилади.

2. Масъул идора ва ташкилот 2 кунлик муддатда мурожаатни кўриб чиқиб, асослантирилган аниқ хулосани business.gov.uz порталига жойлаштиради.

3. Қабулхона, Омбудсман, Палата (ҳар бири алоҳида) 1 кунлик муддатда масъул идора ва ташкилотнинг хулосасини кўриб чиқиб, ўз муносабатини билдиради.

4. Бош вазир қабулхонаси котибияти ҳар 2 кунда мурожаатлар юзасидан business.gov.uz порталда умумлашган хулосалар бўйича маълумотларни Инқирозга қарши Республика комиссиясига якуний хулосани олиш учун киритади.

5. Инқирозга қарши Республика комиссияси ёки унинг ҳудудий штаблари масъул идора хулосаси ва  Қабулхона, Омбудсман, Палатанинг муносабатини инобатга олиб, якуний қарорни қабул қилади.

6. Қабул қилинган якуний қарор business.gov.uz портал орқали хулоса ва топшириқ сифатида масъул ижрочиларга йўналтирилади ва таъсирчан мониторинг олиб борилади.

Ушбу видеоселектор ОАВда барча худудларда кенг ёритилиб борилди.

 

ССП Ахборот хизмати