04.05.2020 815

Россияга экспорт қилиш имконияти юқори бўлган олма маҳсулоти бўйича таҳлил


Жаҳон бозорида юзага келган ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, Россияда олманинг ўртача нархи 10% га ошди. Бугунги кунда, маҳаллий етиштирувчилар томонидан етиштирилган олманинг нархи унинг ҳажми ва турига қараб 1 кг учун 0,75 доллардан 1,09 долларгача сотилмоқда.

Бутун дунёда пандемия билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келганлиги, экспорт қилувчи мамлакатларда олма заҳираларининг камайиши ҳамда олмани Россия бозорига етказиб беришда узилишлар туфайли, импорт қилинадиган олма нархи ҳам нисбатан ошганини кўриш мумкин.

2019 йилда Россия жами 586 млн.доллар миқдорида ёки 934,5 минг тонна хорижий давлатлардан олма импорт қилган. Молдова асосий олма экспорт қилувчи давлат сифатида Россияга 250,2 минг тонна миқдорида олма етказиб берган ва Россиянинг жами олма импортнинг 26,8 % ни ташкил қилган.

Шу билан бирга, Сербия (17,6% ёки 164,4 минг тонна), Аргентина (10,8% ёки 101,1 минг тонна), Озарбайжон (9,7% ёки 91 минг тонна), Беларус (8,6% ёки  80,6 минг тонна), Жанубий Африка (5,4% ёки 50,2 минг тонна) ва бошқа давлатлар томонидан ҳам Россияга олма экспорт қилинган.

Республикамиздан 2019 йилда Россияга умумий қиймати 4,3 млн.доллар миқдорида (0,4%)1,9 минг тонна олма экспорт қилинган.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, коронавирус пандемиясининг тарқалиши, истеъмолчилар даромадининг пасайиши ва таъминот занжирида узилиш кузатилганлиги сабабли  жаҳонда олма савдоси 1-1,2 млрд.долларга тушиб кетиши мумкин.

Шунингдек, олма савдосининг ҳажми кескин тушиб кетиши оқибатида Польша, Молдова, Сербия, Хитой, Туркия, Эрон ва Украини каби йирик олма экспорт қилувчи давлатлар зарар кўриши мумкин.

Россиянинг йирик боғдорчилик хўжаликларида олма заҳиралари камайиб бормоқда, бу эса ўз навбатида юртимиздан Россияга олма экспортини янада ошириш имкониятини бериши мумкин.

 

ЎзССП Ахборот хизмати