22.05.2020 64

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида.


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 314 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, томорқа хизмати корхоналари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини янада кенгайтириш, аҳоли хонадонларини қамраб олиш даражасини ошириш ва маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларни янада кўпайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Демак, лойиҳанинг регулятив аҳамияти аҳолига тегишли томорқаларни қишлоқ хўжалиги айланмасига жалб этиш ва шу орқали томорқа эгаларини иш билан банд этиш, шунингдек уларнинг даромадини оширишдан иборат.

Бу вазифани бажариш учун ташкил этилаётган “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти давлат-хусусий шерикчилк асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунда давлат томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликлар (ер бериш, солиқ ва божхона имтиёзлари, молиявий қўллаб-қувватлаш ва б.) эвазига бу жамиятлар зиммасига томорқа эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун зарур бўлган уруғлик, кўчатлар, минерал ўғитлар, асбоб-ускуналар, мини қишлоқ хўжалиги техникаларини бепул ёки арзон нархда етказиб бериш, уларга агротехник, зооветеринария ва бошқа хизматлар кўрсатиш, шунингдек фьючерс шартномалари асосида етказилган маҳсулотларни сотиб олиш каби мажбуриятларни юклаш лозим.

Лекин, лойиҳада ушбу концептуал масалалар четда қолиб кетганлиги охир-оқибатда ташкил этилаётган “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг томорқалардан ажралган ҳолда мустақил равишда ажратилган ер участкаларида тижорат фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотга айланиб қолишига олиб келади.

Шу муносабат билан, лойиҳани концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, давлат-хусусий шерикчилик тамойилига асосланган тизим яратилиши тавсия этилади.

2. Лойиҳа билан алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга имтиёз ва преференциялар берилиши, бу эса рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, лойиҳани Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишиш мақсадга мувофиқ. 

ССП Ахборот-хизмати