26.05.2020 165

БИЗНЕС СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОННУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ХАЛҚАРО АРБИТРАЖНИНГ РОЛИ


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура  Академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда  2020 йил  26 майда Тошкент шаҳрида “Бизнес субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро арбитражнинг роли” мавзусида онлайн режимидаги давра суҳбати ташкил қилинди.  

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Суди судьялари, Бош прокуратура Академияси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари, магистратура тингловчилари, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Қозоғистоннинг “Астана” халқаро молия маркази масъул ходимлари, “Enyo Law London” адвокати, шунингдек Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда “Халқаро тижорат арбитражининг инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли”, “Чет давлат арбитражи ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш суд амалиёти”, “Инвестор ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал этиш механизмлари ва уларни такомиллаштириш истиқболлари”, “Халқаро тижорат арбитражнинг замонавий тенденциялари”, “Ўзбекистон Республикасида арбитраж низоларини ҳал этиш институтини ривожлантириш истиқболлари”, “Арбитражларда адвокатларнинг иштироки”, “COVID-19”нинг халқаро тижорат шартномалари доирасидаги мажбуриятлар ижросига таъсири”, “Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитражининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш масалалари” мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва  мазкур соҳанинг тажрибали миллий ва хорижий мутахассислари маърузалар қилдилар.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) судининг раиси, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ўз маърузасида низоларнинг муқобил ҳал қилиш усули сифатида халқаро тижорат арбитражининг инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини  арбитраж амалиёти маълумотларига асосланган ҳолда ёритиб берди.

Хусусан, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди томонидан жами 59 (шу жумладан 2019 йилда 39 та) ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 15,1 млрд. сўм, 4,3 млн. АҚШ доллари, 3,7 млн. Рубль ва 11,9 минг Еврони ташкил қилганлигини ҳамда кўрилган ишларда даъвогар ва жавобгар сифатида Беларусь, БАА, Германия, Дания, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Сингапур, Туркия, Украина, Ўзбекистон, Хитой каби мамлакатларнинг компаниялари иштирок этганликлари таъкидланди.

Давра суҳбати баҳс-мунозарали ўтди, шунингдек унда маърузачиларга низоларни муқобил ҳал қилиш усули бўлган халқаро арбитражлар фаолиятида юзага келаётган масалалар бўйича саволлар берилди.

ССП Ахборот-хизмати