27.05.2020 122

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 326 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказий автомобиль йўлларида пуллик автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

  1. “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси талабларидан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 3-банди олтинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ: 

“хусусий шерик – шаҳар кўчаларида пуллик автомобиль тўхташ жойлари ташкил этиш ва улардан фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолият олиб бориш учун битим тузган Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик фаолияти субъекти ва шундай субъектларнинг бирлашмаси”.

  1. Лойиҳа иловасининг 8-бандига кўра, “Ҳокимлик схемалар келишган кундан бошлаб ўн кун ичида пуллик автомобиль тўхташ жойини ташкил этиш тўғрисида ёки шаҳар марказ кўчалари бўйлаб пуллик автомобиль тўхташ жойларини давлат-хусусий шериклиги асосида ташкил этиш бўйича танлов савдоларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади”.

Яъни, бунда лойиҳа билан хусусий шерик танлов асосида танлаб олиниши назарда тутилмоқда.

Бироқ, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси биринчи қисмига кўра, “Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади”.

Шу сабабли, лойиҳани “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабларига мувофиқлаштириш лозим.

  1. Лойиҳа иловасининг 17-банди учинчи хатбошисига кўра, “Комиссия томонидан хусусий шерикнинг аризаси кўриб чиқилиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ҳокимликнинг махсус ҳисобварағига ўтказиб бериладиган йиғим ундирилади”.

Бироқ, хусусий шерикнинг аризасини кўриб чиқиш учун йиғим ундириш ортиқча ҳамда асоссиз, чунки бунда давлат хизмати кўрсатиш назарда тутилмаган.

Шунингдек, бу давлат шеригининг функцияси бўлиб, бунинг учун йиғим ундириш нотўғри.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 17-банди учинчи хатбошисини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

  1. Лойиҳа иловасининг 17-банди еттинчи хатбошисига кўра, Фақат бир иштирокчидан ариза келиб тушган тақдирда, танлов ўтказилмайди, қарор эса иштирокчи аризасини ва аризага илова қилинадиган ҳужжатларни танлов эълон қилинган вақтдан бошлаб ўттиз кунлик муддат тугагандан кейин 5 иш куни ичида ўрганиш якунлари бўйича Комиссия томонидан қабул қилинади. Комиссия хусусий шерикнинг таклифлари танлов талабларига мувофиқлигидан келиб чиқиб, иштирокчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ёки янгитдан танлов эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилади”.

Яъни, фақат бир иштирокчидан ариза келиб тушса, танлов ўтказилмаслиги, шунингдек, Комиссияга иштирокчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бунда, Комиссияга хусусий шерикни танлаб олишда кенг ваколатлар берилмоқдаки, бу амалиётда суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши, жумладан танлов жараёнида фақат бир иштирокчидан ариза қабул қилиниб, бошқа иштирокчилар аризалари асоссиз равишда қабул қилинмаслиги ҳолатларига сабаб бўлиши аниқ.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада фақат бир иштирокчидан ариза келиб тушган тақдирда, танлов ўтказилмаслиги, шу билан бирга, танлов шартларини қайта кўриб чиққан ҳолда бир ой муддатда такроран танлов ўтказилишини белгилаб қўйиш лозим.

  1. Лойиҳа иловасининг 24-бандига кўра:

“Ҳокимият лойиҳани амалга оширишда

 

зарур ҳолларда ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергия, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва ҳоказолар) билан таъминлашда кўмаклашиши шарт;

ҳусусий шерикнинг молиявий маблағлари етарли бўлмаса, имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашиши мумкин”.

Таклиф этилаётган таҳрир амалиётда турлича талқин қилиниши мумкин. Бу эса, натижада, суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатларига сабаб бўлади.

Умуман олганда, таъкидлаш лозимки, давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда, агарда битимда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик объектини ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаб бериши лозим.

Шундан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 24-банди иккинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:

“агарда битимда бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик объектини ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергия, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва ҳоказолар) билан таъминлашда кўмаклашиши шарт;”.

 

ССП Ахборот-хизмати