25.06.2020 153

Оҳангарон туманида хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этилиши ўрганилди


Савдо-саноат палатаси Раиси А.Икрамов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан мутасадди идоралар мутахассислари ва Охангарон туман хокимияти билан ҳамкорликда туманда хизмат соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этилиши ва ўзини ўзи банд қилиш аҳволи ўрганилди.

Маълумот учун: статистик маълумотларга кўра туманда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари 2 235 та, шундан кичик бизнес субъектлари 1 730 тани, якка тартибдаги тадбиркорлар 505 тани ташкил этиб, уларнинг 547 таси (305 та юридик шахс, 242 та якка тартибдаги тадбиркор) айнан хизматлар соҳасида фаолият юритади.

Мазкур масалалар тумандаги барча 29 та маҳаллада секторлар кесимида ва фуқаролар йиғинларини кенг жалб қилган ҳолда расмий тарзда фаолият кўрсатаётган ҳар бир тадбиркорлик субъектлари ва норасмий равишда турли хил хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар билан суҳбат ўтказиш орқали ўрганилди.

Бу жараёнда алохида эътибор тадбиркорлик субъектларида хақиқатда ишлаётган ишчилар сони, амалдаги фаолият тури статистика маълумотларига мослиги, фаолиятни кенгайтириш имкониятлари ва истаги мавжуд бўлган тадбиркорларларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилди.

Ўрганишлар натижасида, хизматлар соҳасида фаолият юритаётган 162 та тадбиркор фаолиятини кенгайтириш имконияти ва истаги борлигини, бунинг учун кредит, бўш ер, бино ажратиш орқали қўшимча 783 та янги иш ўринлари яратиш мумкинлиги маълум бўлди. 

Шу билан бирга, хатловда 50 дан ортиқ фаолият тури бўйича жами 1 396 та норасмий фаолият юритаётган жисмоний шахслар аниқланиб, улардан 123 таси кредит, бўш ер, бино ва жой ажратиладиган бўлса, расмий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш истагини, 1 249 та субъект ҳеч бир талабларсиз ўзини-ўзи банд қилиш орқали расмий секторга ўтиш истагини билдирди.

Ўрганилган натижалар, шу йил 24 июнь куни, Савдо-саноат палатаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ва бошқарма бошлиғи Б Хамроев иштирокида Охангарон туман хокимлигида муҳокама этилди.

Мухокамада туманда тадбиркорликка аҳолини кенг жалб қилиш, норасмий фаолият юритаётган фуқароларни зарур кўмак бериш орқали тадбиркорлик фаолиятига жалб этиши ҳамда фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ ВА ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛИШНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШНИ СОДДАЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги 2020 йил 8-июндаги ПҚ-4742 сонли Қарорига асосан ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтказиш борасида кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Бу борадаги туман хокимияти, сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди идораларнинг аниқ вазифалари ва уларни бажариш йўллари ҳам мухоқама этилди.

Шу билан бирга ўрганишда аниқланган имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тавсия этилди.

 

ССП Матбуот хизмати