07.07.2020 279

“TOBB ETU” университетининг Тошкентдаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича видеоконференция шаклидаги йиғилиш ташкил этилди


2020 йил 3 июль куни Савдо-саноат палатасида Тошкент шаҳридаги Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиали фаолиятини ташкил этиш бўйича Туркиялик ҳамкоркорлар билан видеоконференция йиғилиши ташкил этилди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раисининг ўринбосари Ф.Усманов, Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори У.Камалетдинов ва Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг “TOBB ETU” Иқтисодиёт ва технологиялар университети ректори Гувен Сак, университет проректори Юсуф Саринай, университет халқаро алоқалар бўлими мудири Арда Тўқат, Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг халқаро алоқалар ва тадбиркорлик бўлим мудири Адем Кула, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори К.Шарипов ҳамда университетнинг Халқаро хамкорлик бўйича проректор Д.Бегматова иштирок этдилар.

Йиғилиш аввалида Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамовнинг видеомурожаати йиғилиш иштирокчиларга тақдим этилиб, бунда А.Икрамов томонидан Туркия Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи президенти Рифат Хисарчиклиоглу жанобларига ҳамда “TOBB ETU” университетининг мутасадди вакилларига мазкур университетининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил қилишда салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётганликлари учун миннатдорчилик билдирилди.

Ушбу йиғилишда ташкил этилаётган университет филиалининг фаолиятини жаҳон стандартлари асосида ташкил қилиш, ўқув биносини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш, ўқув хоналарини ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, Савдо-саноат палатаси томонидан филиалда таълим олувчи талабалар учун махсус имтиёзли грантлар ажратиш, абитуриентларни қабул қилиш учун қабул тартиби ва онлайн платформани ишга тушириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилиш кун тартибида қуйидаги асосий масалалар муҳокама қилинди:

  1. Филиал Васийлик кенгашининг 1-йиғилишини ўтказиш санасини келишиб олиш;
  2. Филиалга абитуриенларни қабул қилиш жараёнини бошлаш учун онлайн қабул тартиби ва платформасини келишиш;
  3. Филиал низом лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
  4. Филиал фаолияти тўғрисида матбуот-анжуманини ташкил этишни келишиш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиялик ҳамкорлар томонидан “TOBB ETU” университетининг Туркиядаги фаолиятининг тизими ва бир қатор қулайликлари ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Шу билан бир қаторда Тошкент давлат иқтисодиёт унверситетининг Халқаро хамкорлик бўйича проректори Д.Бегматова томонидан мамлакатимизда олий таълим муассасаларини ташкил қилиш ва уларни фаолиятини йўлга қўйиш борасидаги стандартлар ҳамда ташкил этилиши режалаштирилаётган университетнинг қабул квоталари ва ўқитиш тизими бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.

Бундан ташқари Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов иштирокчиларга мазкур университет филиалини мамлакатимизда ташкил этиш борасидаги сайи ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонлик абитуриентларда “TOBB ETU” университетига қизиқиш юқори эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Учрашув якунида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Васийлик кенгашининг 1-йиғилишини ўтказиш санаси белгилаб олинди.

ССП Матбуот хизмати