10.07.2020 219

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 440 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-18365) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:  

1. Лойиҳанинг 3-банди “б” кичик бандида “давлат геология қўмитаси, Экология ва атроф мухитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда “Ўзсаноаткурилишматериаллари” уюшмаси бир йилда бир маротаба норуда қазилма бойликларидан оқилона фойдаланилиши юзасидан мониторинг ўтказади ва натижаси юзасидан конлардан фойдаланмаётган ёки мақсадсиз фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни қонунчилик асосида муддатидан олдин бекор қилиш ва ер участкаларини давлат захирасига қайтариш бўйича тегишли чораларни кўради-деб белгиланган.

Юқорида келтирилган бандда тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни (ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини) ваколатли орган қарорига асосан  муддатидан олдин бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Бироқ, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунинг 23-моддасига кўра, лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензияловчи орган қарорига биноан қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

  • лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
  • юридик шахс тугатилганда;
  • якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
  • лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.

Қонунда лицезияловчи орган томонидан лицензиянинг амал қилишини тугатиш холатларини қатъий рўйхати келтирилган бўлиб, ушбу рўйхатда келтирилмаган ҳолатларда лицензиянинг амал қилишини тугатиш суд тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Шу боис, лойиҳада назарда тутилаётган тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни (ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини) муддатидан олдин бекор қилиш тартибини амалдаги қонунчиликга мувофиқлаштириш хамда ушбу жараённи суд орқали амалга ошириш лозим.

2. Лойиҳанинг 3-банди “б” кичик банди билан мониторинг натижаси кўра тадбиркорлик субъектларига  фойдаланиш учун тақдим этилган ер участкаларини давлат захирасига қайтариш назарда тутилмоқда.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 июльдаги “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сон қарори иловасининг 115-банди ўнинчи хатбошисига кўра, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмлари ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан узлуксиз икки йил давомида бажарилмаган тақдирда (форс-мажор ҳолатларидан ташқари) ҳақиқатда қазиб олинган ҳажмдан келиб чиқиб, норуда фойдали қазилмалар захираларининг ўзлаштирилмай қоладиган қисми давлат балансига ва улар жойлашган ер участкалари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари захирасига қайтарилиши белгиланган.

Кўриниб турибдики, тадбиркорлик субъекти томонидан қазиб олиш ҳажмлари узлуксиз икки йил давомида бажарилмаган тақдирдагина тақдим этилган ер участкалари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари захирасига қайтарилади.

Шу боис, лойиҳанинг 3-банди “б” кичик бандида назарда тутилаётган харакатлар (ер участкаларини давлат захирасига қайтариш тартиби) юқорида келтирилган қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

3. Лойиҳанинг 3-банди “б” кичик бандида тегишли ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектлари норуда қазилма бойликларидан оқилона  фойдаланишлари юзасидан бир йилда бир маротаба мониторинг ўтказилиши ва натижаси юзасидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан чора кўрилиши назарда тутилган.

Бироқ, лойиҳадаги “мониторинг” сўзи ўз ўзидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни назарда тутмоқда.

Ваҳоланки, мониторинг ўтказишдан асосий мақсад тадбиркорлик фаолияти давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган бўлиши хамда аниқланган камчиликлар юзасидан тадбиркорлик субъектларига тегишли тавсиялар берилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектларинининг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш мақсадида, лойиҳанинг 3-банди “б” кичик бандидадан мониторинг натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилишига оид қисмини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

ССП Матбуот хизмати