13.07.2020 649

ТЕМИР ЙЎЛ ВА АВИАҚАТНОВЛАР ТЎХТАТИЛАДИ


Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича  Республика махсус комиссиясининг қарори билан 13 июлдан бошлаб маҳаллий йўналишлардаги поездлар ва авиа қатновлар тўхтатилади. Бу ҳақда жума кунидаги брифингда Транспорт вазирлигининг матбуот-котиби Наврўз Ашурматов баёнот берди.

Хорижий давлатлардаги фуқароларимизни ватанга олиб келиш бўйича репатриацион рейслар фақатгина Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, бажарилади.

Бундан ташқари, чегара пунктларидан фуқароларни карантин ҳудудларига етказиш учун автобус ташувлари амалга оширилади. Карантин муддатини ўтаб бўлган фуқароларни реабилитация учун шифохоналарга ва яшаш манзилларига етказишда поезд ва автобуслардан фойдаланилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан “сариқ” ва “яшил” тоифага киритилган мамлакатлардан чартер рейслари келиб тушган аризаларга мувофиқ ташкил этилади.

2020 йил 10 июлидан 1 августга қадар бўлган муддатда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖда 5 900 та чипта сотилган. Карантин чоралари кучайтирилиб, поездлар қатнови тўхтатилгани сабабли йўловчиларга сотиб олинган чипта пуллари қайтарилади.

"Uzbekistan airways" АЖ томонидан "Тошкент-Нукус", "Тошкент-Урганч", "Тошкент-Термиз" йўналишларида 13 июлдан 1 августга қадар бўлган муддатга 332 та авиачипта сотилган. Мазкур авиачипталарнинг амал қилиш муддати бир йилгача ҳақиқий ҳисобланади, авиақатновлар тикланганда, йўловчилар аввал сотиб олган чипталари билан бемалол парвоз қилиши мумкин.

Июль ойи учун сотиб олинган ойлик йўл чипталари "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ томонидан 1 августдан 10 августгача қайтариб олинади ва фойдаланилмаган кунлар учун пул маблағлари қайтарилади.

Манбаа: norma.uz