13.07.2020 553

ЭКСПОРТ ҚИЛУВЧИЛАРГА ТРАНСПОРТ ХАРАЖАТЛАРИ КОМПЕНСАЦИЯ ҚИЛИНАДИ


Ҳудудлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи республика комиссиясининг 30.06.2020 йилдаги 3257-сон қарори билан Маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қисман компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг вакиллари) экспорт қилинаётган маҳсулотни ташиш харажатларининг 50%игача миқдорда компенсация олишлари мумкин.

Экспорт қилишда ташиш харажатларини компенсация қилиш амалга ошириладиган маҳсулотлар рўйхати Президентнинг 07.05.2020 йилдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4707-сон қарори билан тасдиқланган, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги эса субсидия тўлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Компенсация манфаатдор шахс - Ўзбекистонда давлат рўйхатига олинган, маҳсулотларни хорижий мамлакатлардаги харидорларга экспорт шартномаларига мувофиқ сотувчи, шунингдек, экспорт ва (ёки) воситачилик шартномаларига биноан юк жўнатувчи тадбиркорлик субъекти (ёки унинг ваколатли вакили)га тўланади.

Экспорт қилувчилардан 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича компенсация тақдим этиш учун аризалар қуйидаги шартларга риоя қилинган тақдирда қабул қилинади:

  • экспорт қилувчи Ўзбекистонда давлат рўйхатига олинган;
  • маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган;
  • Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган (Афғонистондан ташқари) давлатларга экспорт қилинган маҳсулотлар, бундан тухум ҳамда парранда гўшти ва маҳсулотлари (ТИФ ТН коди 0407210000, 0207) мустасно;
  • маҳсулотлар белгиланган тартибда экспорт режимига жойлаштирилган;
  • экспорт шартномаси (воситачилик шартномаси, инвойс)да транспорт ҳаражатлари экспорт қилувчи зиммасига юкланган ва ушбу харажатлар учун тўловлар у томондан амалга оширилган бўлиши керак.

Компенсация миқдори қатъий маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишидан келиб чиқиб ҳисобланади, бироқ, экспорт қийматининг (транспорт харажатисиз):

  • автомобиль транспортида ташишда – 5%идан;
  • темир йўл транспортида ташишда – 7%идан;
  • ҳаво транспортида ташишда - ТИФ ТН коди 07,08, 0904 ва 1202 билан бошланувчи мева-сабзавот маҳсулотларига - 12%идан, бошқа маҳсулотларга - 6%идан ортиб кетмаслиги керак.

Низомда компенсация миқдорини ҳисоблаш ва аниқлаш формуласи келтирилган,  аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, шунингдек компенсация тақдим этишни рад этиш учун  асослар белгиланган.

Манбаа: norma.uz