27.07.2020 64

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 479 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Объектларни “fast-track” услуби (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари (Engineering Procurement Construction) асосида қуришга рухсат бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-19300) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа иловасининг 2-бандига кўра, мазкур низом “дастлабки қурилиш қиймати икки миллион АҚШ долларига тенг ва ундан кам бўлган эквивалентдаги объектларнинг қурилишига тадбиқ қилинмайди”.

Яъни, бунда объектларни “fast-track” услубида қурилишига унинг қийматидан келиб чиқиб чекловлар белгиланиши назарда тутилган. Бироқ, бу асослантирилмаган.

Бу эса, амалиётда фақат йирик монопол корхоналар манфаати ифодаланиши, шунингдек, қуриб битказилган объектларнинг тан нархи ошиб кетишига олиб келиши, соҳада ортиқча ва кераксиз бюрократик тўсиқларнинг ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

2. Лойиҳа иловасининг 6-бандига кўра, лойиҳаларни фойдаланишга “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида “fast-track” услубида реализация қилишда объект қурилишига EPC-пудратчини танлашда қуйидаги талаблар инобатга олиниши лозим:

а) охирги уч йилда объектларни қуриш ва фойдаланишга топширишда шартнома мажбуриятларига риоя қилинганлиги;

Аммо, бу каби талаблар ортиқча кўринади. Зеро, объект қурилишига EPC-пудратчини танлашда унинг аввалги шартномалари мажбуриятларини бажарганлиги ёки бажара олмаганлиги аҳамиятли эмас ва буни кейинги фаолият учун асос қилиб олиниши тўғри бўлмайди.

Чунки, қурилиш мақсади, шакли ва турига қараб қурилиш ташкилотига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (банкдан кредитни ўз вақтида берилмаслиги, бирор фуқаро ёки ташкилотнинг шикояти ёки бошқа ҳолатларда) суд ёхуд бирор бир ваколатли органнинг қарори юзасидан қурилиш мақсади, шакли ва турини ўзгариши ёки тўхтаб қолиш ҳолатлари амалиётда учрайди.

Натижада шартномавий мажбуриятлар ўзгариши ёхуд бузилиши катта эҳтимоллик бўлиб, бу буюртмачи ва EPC-пудратчи ўртасидаги шартномавий муносабатлар ҳисобланади.

Шу сабабли, бу каби талабларни белгилаш мақсадга мувофиқ эмас.

б) лойиҳалаштиришда ўнта ўхшаш объектларда тажрибага эгалиги, бунда лойиҳа ишларини камида саксон фоизи ўз кучи билан бажарилган бўлиши лозим;

в) қурилишда бешта ўхшаш объектларда тажрибага эгалиги, бунда қурилиш-монтаж ишларининг эллик фоизи ўз кучи билан бажарилган бўлиши лозим;

г) асосий мутахассис ходимлар (бош архитектор, бош мухандис, муаллифлик назорати мутахассиси, ишлаб чиқариш техник бўлим ва қурилиш ишлари ички назорати бўлими бошлиғи) иш тажрибаси беш йилдан кам бўлмаслиги лозим;

Кўринадики, объект қурилишига EPC-пудратчини танлашда талаблар ўта оғирлаштирилган ҳамда мураккаб.

Бундан ташқари, ушбу бандларда фақат йириқ қурувчи ташкилотлар манфаати назарда тутилган бўлиб, бу амалиётда кичик корхоналарнинг ўсмаслигига, тадбиркорлар ўртасида рақобат муҳити яратилмаслигига, коррупцион ҳолатларни авж олишига олиб келади.

Ваҳолангки, амалдаги қонунчиликка кўра, пудратчи шартномада кўрсатилган ишни бошқа шахсларни жалб қилган ҳолда ҳам бажариши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг
634- моддасига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади.

Юқоридаги талабларда эса, ушбу қонунчилик нормалари инобатга олинмаган.

е) ўз тасарруфида махсус транспорт воситалари ва юк машиналари билан таъминланганлик даражаси дастлабки лойиха хужжатларида белгиланган иш хажмларини бажариш учун зарур бўлган машина ва механизмларнинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги. Хорижий EPC-пудратчи иштирок этадиган холатларда машина ва механизмларнинг ижара ва/ёки лизинг асосида олинганлигини тасдиқловчи хужжатлар тақдик этилиши мумкин;

Ушбу бандда бир хил талаб учун икки хил имтиёз кўлланиши яъни, хорижий EPC-пудратчи корхонанинг машина ва механизмларнинг ижара ва/ёки лизинг асосида олинганлиги, маҳаллий тадбиркорлик субъектларинг ўз тасарруфидаги машина ва механизмларнинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги маҳаллий тадбиркорлик субъектларига нисбатан рақобатни муҳитини бузилишига, ишчанлик кайфиятини тушишига олиб келади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъекти бўлган EPC-пудратчи корхоналари ўз тасарруфидаги машина ва механизмларининг сони ёки фоиз даражаси “fast-track” услубида қуришда қурилиш сифати ва вақтига умуман таъсир қилмайди.

ж) Давлат назорат органи томонидан кўрсатилган камчиликларни қурилиш-монтаж ишларини бажаришда ўз вақтида ва тўлиқ бартараф этилганлиги юзасидан расмий берилган маълумот. Агар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш ишларини амалга оширмаган бўлса, ушбу талаб хорижий EPC-пудратчиларга тадбиқ қилинмайди.

Бунда ҳам маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектлари учун тенг бўлмаган, рақобатни чеклайдиган шартлар белгиланган ва бу амалдаги қонунчилик талабларига зиддир.

Ваҳолангки, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига кўра, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши тақиқланади.

Бундан ташқари, юқоридаги нормада келтирилган “расмий берилган маълумот”нинг талаб қилиниши асоссиз ва ортиқча. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4464-сонли Қарорида 2020 йил 1 мартга қадар давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатлари ва маълумотларини жамоатчиликка онлайн режимда тақдим этиш имконини берувчи «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал)ни ишлаб чиқиш ва тест режимида ишга тушириш белгиланган ҳамда  «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб объектларда қурилиш жараёнларини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш белгиланган.

3. Лойиҳа иловасининг 7-бандига кўра, “fast-track” услубида объектларни қуришга рухсат бериш учун буюртмачи қуйидаги ҳужжатларни топшириши белгиланган:

буюртмачининг дастлабки қурилиш қийматининг саксон фоиздан кам бўлмаган ўз молиявий ресурслари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (жумладан, тасдиқланган молиявий ҳисоботлар,  мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати ва шу кабилар);

Бунда, буюртмачининг молиявий ресурсларига нисбатан талаблар жуда юқори белгиланган. Ваҳолангки, бу каби ўхшаш талаблар амалдаги қонунчилик нормаларида жуда паст даражада назарда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
27 майдаги “Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги ПҚ-4732-сон қарори иловасининг 10-бандида қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз молиявий ресурслари ёки мазкур маблағларга ёхуд унинг етишмаётган қисмига кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати мавжудлиги кўрсатилган.

“буюртмачи ва EPC-пудратчининг ўрнатилган тартибда тасдиқланган охирги икки йиллик молиявий хисоботлари нусхалари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган маълумот. Хорижий буюртмачи ва EPC-пудратчиларнинг ўрнатилган тартибда тасдиқланган ва нотариал тартибда таржима қилинган охирги икки йиллик молиявий хисоботлари нусхалари;

қурилиш учун ажратилган ер майдони тўғрисидаги ҳужжат нусхалари ва қурилиш объектига, бирламчи рухсат берувчи архитектура-режалаштириш топшириқлари (АРТ-1), мухандислик қидирув ишлари тугалланганлиги ёки натижаси тўғрисида маълумот, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармалари хузуридаги худудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг эскиз лойиҳасини келишиш тўғрисидаги баёни нусхаси ва лойиҳалаштириш топшириғи) ҳужжатлар нусхалари;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш босқичлари бўйича келишилган график;

EPC-пудратчиларнинг мазкур Низомнинг 2-бобида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги бўйича ҳужжатлар”.

Юқоридаги талабларнинг белгиланиши ҳамда ушбу ҳужжатлар ва маълумотларнинг талаб қилиниши ортиқча кўринади.

Шунингдек, бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган ПҚ-4464-сонли Қарори талабларига ҳам мос келмайди. Бундан ташқари, Қурилиш вазирлигининг қуйи тизимлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ва муассасаларида ушбу маълумотлар мавжудлиги сабабли уни электрон ахборот алманишуви орқали олиш имкониятлари мавжуд.

4. Лойиҳа иловасининг юқорида келтирилган 6-7-бандларидаги нормалар, яъни “fast-track” услубида объектларни қуришга рухсат бериш учун буюртмачи томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони, тури ва буюртмачи жавоб бериши керак бўлган талаблар жуда мураккаблаштирилган ва ортиқчадир.

Ваҳолангки, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, “Рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар сифатида фақат тадбиркорлик субъектининг ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш имкониятини тасдиқлаш билан бевосита боғлиқ бўлган, шунингдек мавжуд бўлмаслиги ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш чоғида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳужжатлар белгиланиши мумкин”.

5. Лойиҳа иловасининг 11-бандига кўра, “Fast-track” услубида объектларни қуришга рухсат бериш учун буюртмачи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига объектнинг умумий қийматини 0,03 фоизи, лекин икки минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган ва юз минг АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган (тўлов кунида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган курс бўйича) миқдорида йиғим ундирилади”.

Ушбу банддаги кўрсатилган сумма ҳеч бир жиҳат билан асослантирилмаган, шунингдек, тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бундай йиғим талаб қилинадиган даражадаги ишларни бажариш талаб этилмайди.

Қонунчилик ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятидаги рухсат берувчи ҳужжатларни бериш учун бу каби йиғим миқдорининг белгиланиши бугунги кундаги тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларга мутлақо зиддир.

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектининг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризаси ваколатли орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим миқдори ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун қилган харажатлари доирасида белгиланади.

6. Лойиҳа иловасининг 15-бандига кўра, ваколатли давлат органининг ҳуқуқларидан бири сифатида “ҳужжатларни кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар ва материалларни буюртмачидан талаб қилиб олиш” белгиланган.

Ушбу банд коррупцион ҳолатлар ва бюракратик тусиқларга олиб келади.

Қолаверса, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддаси тўртинчи қисмига кўра, “Тадбиркорлик субъектидан ушбу моддада ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди”.

7. Лойиҳа иловасининг 4-боби “ЕРС – шартномасига қўйиладиган энг кам талаблар” деб номланган бўлиб, унда бундай шартномаларни тузиш учун зарур бўлмаган ва ортиқча талаблар келтирилган.

Бундан ташқари, шартнома ва унга қўйиладиган талабларнинг бу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланиши юридик жиҳатдан тўғри бўлмайди.

Чунки, шартномаларга нисбатан талаблар Фуқаролик кодексида, шунингдек, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунда аниқ белгиланган.

Қолаверса, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда айнан қандай масалалар кўрсатилиши кераклиги аниқ белгиланган.

8. Лойиҳа иловасининг 6-боби “Fast-track” услубида қурилишда харидлар” деб номланган бўлиб, унда қурилиш фаолиятини амалга оширишдаги харидларга нисбатан қатъий талабларни белгилаш назарда тутилган.

Аммо, бу шартнома тарафлари ўртасида шартнома шартларига кўра белгиланадиган ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади.

Шунингдек, бу каби нормаларнинг мазкур лойиҳада келтирилишининг мақсадга муқофиқ эмаслиги асослари мазкур Хулосанинг 7-бандида келтирилган.

9. Юқоридагилардан ташқари, лойиҳа иловасида амалдаги қонунчилик нормалари, хусусан, Фуқаролик кодекси, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилилган Қарорлари, “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Услубий кўрсатмалар (рўйхат рақами 2352, 2012 йил 9 апрель) талаблари инобатга олинмаган.

10. Шунингдек, лойиҳада бир қатор тушунмовчиликлар, вақт йўқотилиши бюрократик тўсиқларга олиб келувчи қатор ҳолатлар ҳам ўз аксини топган. Шу билан бирга, лойиҳа бир томонлома ёзилган ва ваколатли орган манфаатлари устун қўйилган.

Бундан ташқари, лойиҳада монопол ҳолатлар ҳам мавжудлиги рақобат муҳитини ва шаффофликни йўқотилишига олиб келади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, маълум бир масалаларни тартибга солишга қаратилган нормалар қанчалик мураккаблаштирилса ва қийинлаштирилса, бу энг аввало, ушбу талабларни четлаб ўтиш мақсадида коррупция ҳолатларига киришишга олиб келади.

Ушбу соҳани коррупциясиз соҳага айлантиришга қаратилган ислоҳотларни таъминлаш мақсадида, лойиҳада назарда тутиладиган нормаларни кескин соддалаштириш лозим.

11. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қайта ишлаб чиқиш зарур.

ССП Матбуот хизмати