27.07.2020 1088

Туркия Иқтисодиёт ва Технологиялар Университетининг Тошкент филиали шу йилнинг сентябр ойида ўз эшикларини очади.


       2020 йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида видеоконференция шаклида Туркия иқтисодиёт ва технология Университетининг Тошкент филиалига талабаларни қабул қилиш масаласи бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси А.Агзамхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатни назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У. Ташкенбаев ва ТДИУ ректори К. Шарипов қатнашдилар.

Туркия томонидан Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи Президенти Рифат Хисарджиклиоглу, Туркиянинг  Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мехмет Сурайя, ССП Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Адем Кула, "ТОББ" Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи қошидаги "ТОББ" Туркия иқтисодиёт ва технология университети ректори, шунингдек, қўшма ўзбек-турк CСП раиси Осман Саҳман иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раиси А. Икромов кириш сўзи билан очиб берди. Ўз нутқи давомида Туркия Савдо палаталари ва биржалар иттифоқи президенти Рифат Хисарджиклиоглуга ва TOBB ETU университети ходимларига ушбу Университетнинг Тошкент филиалини ташкил этишга қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга қилган расмий ташрифи доирасида 19 феврал куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон - Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик йиғилиши натижалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Палаталари ва биржалари иттифоқи ўртасида “ТОВВ” қошидаги Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзоланганини таъкидлашимиз жоиз.

2020 йилнинг 17 июнь кунида Вазирлар Маҳкамасининг 389-сонли қарори билан «Тошкентда Туркия иқтисодиёт ва технология TOBB ETU Университетининг филиалини очиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Университет филиали пойтахтда жойлашган бўлиб, дуал таълим тизимига асосланган бизнес ва тадбиркорлик йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Таълим уч триместрга бўлинади. Талабалар ўқиш давомида турли мамлакатларда амалиёт ўташ, дунёнинг етакчи компаниялари, шунингдек Туркиядаги таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўладилар.

Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семестрлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларга 2 семестр давомида назарий билимлар билан бир қаторда 3-чи семестрда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алохида ўрин тутишини таъминлаган.

Талабалар Туркияга саёҳат қилиш учун ажойиб имкониятни қўлга киритадилар. Учинчи триместрда улар Туркиянинг етакчи компаниялари ва таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишадилар, шунингдек, электротехника соҳасидаги йирик корхоналарда, Туркиядаги тўқимачилик ва мева-сабзавот кластерларида амалиёт ўтайдилар. Амалий машғулотлар давомида барча талабалар озиқ-овқат ва турар жой билан таъминланадилар. 

Шунингдек, иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бериладиган бир қатор имтиёз ва афзалликларни таъкидлаш жоиз. Бу талабалар учун яратилаган жуда катта имтиёзли тизим хисобланади.

Ушбу университет талабалари учун ўзларининг тил билимларини ошириш имконияти яратилган. Дарслари инглиз тилида олиб борилади. Шунингдек, улар қўшимча: турк, француз, немис ва хитой тилларини ўрганадилар.

Ўқиш қиймати $ 4000 (ўқув йилининг 3 триместрида талабалар Туркия давлатига юборилади) ташкил этади. Биринчи курслар учун грантлар мавжудлигини хам таъкиладлаш жоиз. Қолаверса, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан иқтидорли талабаларга $ 750 миқдорида пул маблағ ажратади ва шу орқали ўқиш пули $ 3250 ни ташкил этади.

*Филиал ўз фаолиятини 14 сентябрда иккита таълим йўналиши бўйича бошлайди:

  • Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш;
  • Халқаро бизнес ва тадбиркорлик.

2020-2021 ўқув йилида ўқиш истагида бўлган абитуриентлар хаволада келтирилган ариза шаклини тўлдириш орқали мурожаат этишлари мумкин: http://cc.uz/16613

*Кириш имтиҳони 2020 йилнинг 15 август санасида бўлиб ўтади.

*Маълумотларда коронавирус пандемиясининг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда баъзи ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Қабул қилиш ва ўқитиш масалалари бўйичаЎзбекистон Савдо-саноат палатасининг ишонч телефонига мурожаат этишингиз мумкин: +99878 150 60 08.

Эслатиб ўтамиз, Туркия мамлакатимизнинг савдо сохасида етакчи шерикларидан биридир. Сўнгги йилларда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити натижасида туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириб келмоқдалар.

Хусусан, 2019 йил охирида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 19,384 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу кўрсаткичдан экспорт ҳажми 8,120 миллион долларни, импорт эса 11.263 миллион долларни ташкил этади. Шу билан бирга, 2020 йилнинг шу даврига кўра ушбу сумма 15,855 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Экспортнинг асосий йўналишлари: пахтачилик, рангли металлар, машина ва ускуналар ва бошқалар. Импорт учун эса: кимёвий маҳсулотлар, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларини ташкил этади.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги 1406 та корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 801 таси 100% турк капиталига эга.

ССП Матбуот хизмати