29.07.2020 44

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2020 йил I-ярим йиллик фаолияти якунлари сарҳисоб қилинди


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси 2020 йилнинг январь-июнь ойларидаги фаолият натижалари сарҳисоб қилинди.

Алоҳида қайд қилиб ўтиш лозимки, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари бутун дунёда кузатилаётган мураккаб вазиятда ҳам бор куч ва имкониятларини ишга солган ҳолда тадбиркорларга амалий ёрдам бериш, пандемия оқибатларини юмшатиш  борасида ишларни самарали ташкил қилиб келмоқда.

Бугун тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Қабул қилиниши кўзда тутилаётган норматив-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган сифатида жами 411 та, шундан 39 та қонун лойиҳалари,  102 та Президент фармон ва қарорлари, 205 та ҳукумат қарорлари ва 65 та бошқа меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилиб, тегишли хулосалар берилди.

Шундан, 228 та лойиҳаларда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи ёки чекловчи қоидалар аниқланиб уларни бекор қилиш зарурияти тўғрисида тавсиялар баён этилган хулосалар тайёрланди ҳамда ижро этучи органларга тақдим этилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ун ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли маҳсулотларни етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси юзасидан бу ҳужжатдаги турли ноаниқликлар ва тушунмовчиликларни бартараф этиш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кичик тадбиркорлик субъектлари билан бирга ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектларини ҳам назарда тутиш,  мазкур фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларга йўл қўймаслик лозимлиги тўғрисидаги хулоса шулар жумласидандир.

2. Меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мақсадида кўп йиллик тажрибага эга, ўз соҳасининг мутахассиси бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда тегишли малакага эга бўлган вазирлик ва мутасадди идора вакилларидан иборат турли мавзуларда жами 6 та Эксперт кенгашлари  ўтказилди.

Хусусан, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган алоҳида фаолият турлари билан шуғулланишда лицензия ва рухсат бериш тартиб таомилларини қисқартириш мақсадида Палата томонидан Бизнес омбудсман билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳуқуқий масалалар бўйича 2-13 март кунлари Экспертлар кенгашининг 5 та йиғилишлари видеоконференция шаклида ўтказилди. Йиғилишларда жами 983 та тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, улар томонидан фаолиятнинг айрим турлари бўйича лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш ёки уларни бошқа алтернатив шаклларга ўтказиш, бу борадаги мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш бўйича 77 та таклифлар билдирилди.

Лицензия ва рухсатномаларнинг айрим турларини бекор қилиш, айримларини соддалаштириш ва баъзи турларини хабардор қилиш тизимига ўтказиш бўйича билдирилган таклифлар Адлия вазирлигига киритилди.

3. Палата аъзолари манфаатида судларга жами 38 703 та ҳолатда умумий суммаси 4 трлн. 880 млрд. сўмга тенг бўлган миқдорда даъво аризалари киритилди (2019 йилда 33 436та даъво ариза 3 трлн. 262,1 млрд. сўм).

Шу билан бирга, 790 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш (медиация) жараёнида ҳал этилган.

Палатага Самарқанд вилояти “Зиёвуддин пахта тозалаш” АЖ. мурожаат қилиб, “ZIYOVUDDIN TEXTILE” МЧЖ.дан 1 млрд. 340 млн. сўм миқдордаги асосий қарз ва 160 млн. сўм миқдордаги пенияни ундирилишига кўмаклашишни сўраган. Масалага ечим топиш, ҳамда томонлар ўртасида вужудга келган низони медиация йўли билан ҳал қилиш мақсадида жорий йилнинг 7 февраль куни Палатада тадбиркорлик субъектлари ўртасида учрашув ташкил этилди. Ўтказилган медиация натижасида мазкур низо мурожаатчининг фойдасига судгача ижобий ҳал этилди. 

Шунингдек, давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар устидан судларга 146 та ариза киритилган бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани “MAVLONO” ХК мурожаатига кўра Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимлигининг 2019 йилдаги 117-сонли қарори орқали тадбиркорнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганлиги таъкидланган. Палата томонидан тегишли хужжатлар ўрганиб чиқилиши натижасини мурожаат асосли эканлиги тасдиқланди ва Маъмурий ишлар бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман судигаариза киритилди. Натижада Янгийўл туман ҳокимлининг 2019 йилдаги 117-сонли қарори бекор қилинди ва ушбу масала мурожаатчи фойдасига ҳал этилди.

4. Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган 15 та Ҳакамлик судлари фаолият кўрсатди. Ушбу давр мобайнида ҳакамлик судларига умумий қиймати
89,3 млрд. сўм, 5,8 млн. АҚШ доллари миқдорида 3 485 та даъво аризалари келиб тушган.

Палата ва унинг барча ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари 100 дан ортиқ халқаро, республика ва ҳудудларда ўтказилган илмий-амалий тадбирларда, яъни конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувларда маърузалар билан иштирок этдилар.

Шу даврда оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар орқали 12 маротаба ҳакамлик судлари фаолияти ва ҳакамлик муҳокамаси афзалликларига оид мавзуларда мақолалар чоп этилган, ахборотлар жойлаштирилган, суҳбатлар уюштирилган.

ССП Матбуот хизмати