30.07.2020 56

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 487 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-19788) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1.Лойиҳа иловасининг 2-банди 5, 6, 7 - хатбошиларига кўра:

 “божхона аудити – товарлар чиқаришга рухсат берилгандан сўнг, ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлигини, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларда (дастлабки ҳужжатлар) акс этган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилишга (божхона аудити мақсадлари доирасида) асосланган божхона назорати шакли;

камерал божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойга бормаган ҳолда амалга ошириш;

сайёр божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда амалга ошириш”, - деб белгиланган.

Шуни таъкидлаш лозимки, божхона назорати тизимининг халқаро амалиётида божхона аудити ўтказишнинг мақсади - товарларни эркин муомалага чиқарилгандан сўнг, божхона декларациясида акс эттирилган ахборотларнинг ҳаққонийлиги тўғрисида фикр шакллантириш ҳамда божхона қонунчилигидаги қонунчилик бузилиш имкониятларини аниқлашдан иборат ҳисобланади.

Мазкур лойиҳада божхона аудити, мазмунига кўра, ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлиги ҳолатини тадбиркорлик субъектларининг
молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни камерал ва сайёр божхона аудити шаклини қўллаган ҳолда текширишни назарда тутмоқда.

Вахоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи «хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида амалга оширилади, деб белгиланган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилиши белгилаб кўйилган.

Бироқ, лойиҳада божхона аудитини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилиши назарда тутилмаган.

Бу эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармони талабларига зид ҳисобланади.

Фақатгина лойиҳанинг 42-бандида “Сайёр божхона аудити Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини огоҳлантирган ҳолда амалга оширилади”, - деб белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган божхона аудитида  суиистеъмолликларга йўл қўймаслик
ва холисликни таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармони талабларини инобатга олиб, лойиҳада божхона аудитини ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилишини белгилаб қўйиш лозим.

2. Лойиҳа иловасининг 3-банди 1-хатбошисида  Божхона аудитининг мақсади:

ташқи савдони ривожлантириш ва ташқи савдони ривожлантириш ва товарларни чиқаришни тезлаштириш”, - деб белгиланган.

Лойиҳанинг ушбу бандида божхона аудитининг мақсадларидан бири сифатида товарларни чиқаришни тезлаштириш белгиланмоқда. Бироқ мазкур банддаги “товарларни чиқаришни тезлаштириш” ибораси ноаниқ ифодаланган, яъни товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтилганда товарлари тегишли божхона режимига расмийлаштириш назарда тутилмаган.

Шу боис ҳамда божхона қонунчилигини турлича талқин этилишини олдини олиш мақсадида  лойиҳа иловасининг 3-банди 1-хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

  “Божхона аудитининг мақсади: ташқи савдони ривожлантириш ва товарларни тегишли божхона режимига чиқаришни тезлаштириш”.

3. Лойиҳа иловасининг 12-бандида “Камерал божхона аудитини ўтказиш муддати ўттиз кундан ошмаслиги керак”,- деб белгиланган.

Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада камерал божхона аудити мазмунига кўра, ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлиги ҳолатини тадбиркорлик субъектининг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойга бормаган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни теширишни англатади.

Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган эътирозларни инобатга олиб, лойиҳа иловасининг 12-бандига қуйидаги таҳрирдаги бандни қўшиш лозим:
            “Камерал божхона аудитини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда амалга оширилади”.

4. Лойиҳа иловасининг 13-бандида “Тайинланган камерал божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз кундан ошмаган муддатга айрим ҳолларда икки ойгача узайтирилиши божхона органи бошлиғининг (бошлиқ ўринбосари) қарори билан амалга оширилади. Бу ҳақида ваколатли шахсга бир иш кунида узайтириш муддати ва сабабларини кўрсатган ҳолда  хабар берилади”.

Мазкур бандда камерал божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз кундан ошмаган муддатга айрим ҳолларда икки ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Бироқ, мазкур бандда камерал божхона аудити муддатини узайтиришнинг аниқ сабаблари кўрсатиб ўтилмаган. Бу эса, амалиётда божхона аудити ўтказиш учун масъул бўлган мансабдор шахс томонидан турли хил асоссиз важлар билан божхона аудити ўтказишни узайтиришга олиб келиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳуқуқларини чекланишига сабаб бўлади.

Шу боис ҳамда божхона қонунчилиги соҳасида бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳа иловасининг 13-бандида тайинланган камерал божхона аудити муддатини узайтиришнинг аниқ сабабларини кўрсатиб ўтиш лозим.

5. Лойиҳа иловасининг 15-бандида “Божхона органи ваколатли шахсга божхона аудити ўтказиш муддатидан беш кун олдин қуйидаги шаклларда божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани юборади”, - деб белгиланган.

Бироқ, беш кун қисқа муддат ҳисобланиб, ваколатли шахс учун ушбу муддатда божхона аудитини ўтказишга тайёргарлик кўриш, зарур хужжатларни тўплаш ҳамда божхона аудити учун керакли маълумотни тайёрлаш учун етарли бўлмайди. Хусусан хорижий давлатлар тажрибасини ўрганишда маълум бўлдики, масалан Малайзияда божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарнома 14 кун олдин ваколатли шахсга юборилади. 

Шу боис ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида ваколатли шахсга божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани юбориш муддатини 5 кундан ортиқ муддатга, яъни 15 кунга узайтириш ва лойиҳа иловасининг 15-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

“Божхона органи ваколатли шахсга божхона аудити ўтказиш муддатидан ўн беш кун олдин қуйидаги шаклларда божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани юборади”.

6. Лойиҳа иловасининг 18-бандида “Хабарномада назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар божхона органига хабарнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида тақдим этилиши керак”, - деб белгиланган.

Бироқ, агар хабарномада талаб этиладиган ҳужжатларни уч кун ичида тақдим этиш имкони бўлмаса, ушбу ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш белгилаб ўтилмаган.

Чунки, амалиётда тадбиркорлик субъектларига муайян шароитларда хабарномада кўрсатилган ҳужжатларни тўплаш учун тақдим этилган уч кунлик муддат етарли бўлмайди. Қолаверса, тадбиркорлик субъекти хабарномада талаб этилаётган ҳужжатларга эга бўлмаслиги мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда божхона аудитида  суиистеъмолликларга йўл қўймаслик ва холисликни таъминлаш мақсадида  хабарномада талаб этиладиган ҳужжатларни уч кун ичида тақдим этиш имкони бўлмаса, тадбиркорлик субъектининг (ваколатли шахс) илтимосномасига кўра ушбу ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш ҳуқуқи берилиши зарур ва лойиҳа иловасининг 18-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

“Хабарномада назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар божхона органига хабарнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида тақдим этилади ёки ваколатли шахс хабарномада талаб этилган хужжатларга эга эмаслиги ҳақида божхона органига хабар қилади.

Агар талаб этиладиган ҳужжатларни ва тушунтиришларни уч кун муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаса, ваколатли шахснинг илтимосномасига кўра, ушбу ҳужжатларни тақдим этиш муддатини узайтириш мумкин, бунда ваколатли шахс хабарнома олган кундан уч кун муддатда божхона органига мурожаат қилади”.

7.  Лойиҳа иловасининг 19-бандида  “Тайинланган камерал божхона аудити доирасида ваколатли шахс томонидан божхона органининг хабарномасида белгиланган муддатда ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар тақдим этилмаслиги сайёр божхона аудити тайинланишига асос бўлиши мумкин”, - деб белгиланган.

Мазкур Хулосанинг 1 ва 5-бандларида келтирилган эътирозларни  инобатга олган ҳолда лойиҳа иловасиниг 19-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

“Тайинланган камерал божхона аудити доирасида ваколатли шахс томонидан божхона органининг хабарномасида белгиланган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотлар тақдим этилмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда сайёр божхона аудити тайинланишига асос бўлиши мумкин”.

8.  Лойиҳа иловасининг 26-бандида “Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати ўттиз кундан ошмаслиги керак”, - деб белгиланган.

Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада cайёр божхона аудити мазмунига кўра ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганлиги ҳолатини тадбиркорлик субъектининг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойга борган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни теширишни англатади.

Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган эътирозларни инобатга олиб лойиҳа иловасининг 26-бандига қуйидаги таҳрирда баён этилган бандни қўшиш лозим:

“Сайёр божхона аудитини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда амалга оширилади”.

9. Лойиҳа иловасининг 27-бандида “Тайинланган сайёр божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз кундан ошмаган муддатга айрим ҳолларда икки ойгача узайтирилиши божхона органи бошлиғининг (бошлиқ ўринбосари) қарори билан амалга оширилади. Бу ҳақида ваколатли шахсга бир иш кунида узайтириш муддати ва сабабларини кўрсатган ҳолда хабар берилади”, - деб белгиланган.

Мазкур бандда  сайёр божхона аудити муддатини узайтириш бир маротаба, ўттиз кундан ошмаган муддатга айрим ҳолларда икки ойгача узайтириш назарда тутилмоқда.

Бироқ, мазкур бандда сайёр божхона аудити муддатини узайтиришнинг аниқ сабаблари кўрсатиб ўтилмаган. Бу эса, амалиётда божхона аудити ўтказиш учун масъул бўлган мансабдор шахс томонидан турли хил асоссиз важлар билан божхона аудити ўтказишни узайтиришга олиб келиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳуқуқларини чекланишига сабаб бўлади.

Шу боис ҳамда божхона қонунчилиги соҳасида бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик мақсадида лойиҳа иловасининг 27-бандида тайинланган сайёр божхона аудити муддатини узайтиришнинг аниқ сабабларини кўрсатиб ўтиш лозим.

10.  Лойиҳа иловасининг 28-бандининг “4”-кичик бандида  “Сайёр божхона аудити божхона органи бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) қарорига мувофиқ амалга оширилади. Қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:

...

4) ўзаро боғлиқ томонларда божхона аудитини ўтказиш учун зарурият вужудга келганда”,- деб белгиланган.

Аммо, мазкур бандда ўзаро боғлиқ томонларда божхона аудитини ўтказиш учун зарурият вужудга келганда” деган сўз бирикмаси ноаниқ ифодаланган. Ушбу билан қайси томоннинг зарурияти билан сайёр божхона аудитини ўтказиш лозимлиги кўрсатиб ўтилмаган.

Бу эса, амалиётда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг фаолиятида божхона органининг мансабдор шахси томонидан асоссиз сайёр божхона аудити ўтказилишига олиб келиб, ТИФ қатнашчиларининг қонуний фаолияти чекланишига сабаб бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олиб,  лойиҳа иловасининг 28-банди “4”-кичик бандидаги  “ўзаро боғлиқ томонларда божхона аудитини ўтказиш учун зарурият вужудга келганда” сўз бирикмаларини қайта кўриб чиқиб, аниқлаштириш лозим.

11. Лойиҳа иловаси 28-бандининг “8”-кичик бандида  “Сайёр божхона аудити божхона органи бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) қарорига мувофиқ амалга оширилади. Қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:

...

8) ваколатли шахснинг тугатиш ёки қайта ташкил этилиш жараёни,- деб белгиланган.

Ушбу банд билан божхона органи бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) қарорига мувофиқ ваколатли шахснинг тугатиш ёки қайта ташкил этилиш жараёнида бўлганида сайёр божхона аудитини ўтказиш талаби қўйилмоқда.

Бироқ, ваколатли шахснинг тугатиш ёки қайта ташкил этилиш жараёнида бўлиши сайёр божхона аудитининг предмети ҳисобланмайди. Чунки, мазкур лойиҳага биноан сайёр божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда амалга ошириш, деб белгиланган.

Шуни таъкидлаш лозимки, божхона назорати тизимининг халқаро амалиётида божхона аудити ўтказишнинг предмети товарларни импорт ёки экспорт қилиш, экспорт-импорт товарларини тасарруф этиш, реэкспорт, реимпорт, транзит, вақтинчалик олиб кириш ёки чиқиш режимига расмийлаштириш жараёнларини бевосита ва билвосита кузатиш, улар қонунийлигини аниқлаш, ноқонуний товарларни олиб киришга қарши курашиш, божхона тўловларини тўлиқ тўланиши ёки чегирмалар берилиши ёҳуд бутунлай озод этилиши ҳаққонийлигини назорат қилишдан иборат.

Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган божхона аудитида  суиистеъмолликларга йўл қўймаслик ва холисликни таъминлаш мақсадида лойиҳа иловасининг 28-бандининг “8”-кичик бандини чиқариб ташлаш лозим.

12. Лойиҳа иловасининг 42-бандида “Сайёр божхона аудити Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни огоҳлантирган ҳолда амалга оширилади”, - деб белгиланган.

Мазкур Хулосанинг 1-бандида келтирилган эътирозларни инобатга олиб лойиҳа иловасининг 42-бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

“Сайёр божхона аудитини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда амалга оширилади”.

13. Лойиҳа иловасининг 48-бандида “Вақтинча сақловга олиб қўйилган товарлар божхона назорати остида турган товар мақомига ўтади ва товарни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ваколатли шахс томонидан қопланади, - деб белгиланган.

Мазкур бандда вақтинча божхона сақловига олиб қўйилган божхона назоратидаги товарларни сақлаш билан боғлиқ ҳаражатлар ваколатли шахс томонидан қопланиши назарда тутилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки,Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 88-моддасигамувофиқ, товарларнинг вақтинча божхона назорати остида сақланишида товарни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ваколатли шахс, яъни товар эгаси томонидан қопланиши назарда тутилмаган.

Шу боис ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида, лойиҳа иловасининг 48-бандидан “ваколатли шахс томонидан қопланади” деган сўзларни чиқариб ташлаб, ушбу бандни қуйидаги таҳрирда баён этиш лозим:

“Вақтинча сақловга олиб қўйилган товарлар божхона назорати остида турган товар мақомига ўтади ва товарни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ваколатли божхона органи томонидан қопланади”.

ССП Матбуот хизмати