20.07.2016 8560

Андижонда “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди


“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари ҳамда “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган танловда уч йўналиш бўйича 48 ёш тадбиркор иштирок этди. 

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларидаги ютуқларини рағбатлантириш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

– "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилаётган танлов қизларнинг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, билими ва иқтидорини намоён этишида муҳим омил бўлаётир, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Абдурашид Маъмиров. – Айниқса, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган қизларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятдаги 117 касб-ҳунар коллежини тамомлаган 21 мингга яқин қиздан 2 минг 870 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган. Коллежлар қошида ташкил этилган битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар аъзолари томонидан ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Улар тақдим этган бизнес-режалар натижасига кўра, 2 минг 273 қиз саралаб олинди. Уларга кредит олиш, тадбиркорликни ташкил этиш, солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Танловнинг “Ишлаб чиқариш борасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналиши бўйича Андижон тумани маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гулноза Мамасолиева, Пахтаобод енгил саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Танзила Мадаминова ғолиб бўлди. “Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз” йўналиши бўйича Қўрғонтепа индустриал педагогика коллежи битирувчиси Одина Аҳмаджонова, Андижон тумани саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зебо Мадихонова биринчи ўринни эгаллади. “Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши тадбиркор қиз” йўналиши бўйича Чинобод қурилиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зиёда Мирзаева, Хўжаобод транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гавҳарой Абдураимова пешқадам бўлди. Ғолиблар танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

– Маҳалламизда асаларичиликни ривожлантириш бўйича тақдим этган бизнес-режам ғолиб бўлганидан хурсандман, – дейди Г.Абдураимова. – Банк томонидан бериладиган имтиёзли кредит ҳисобига асалари боқишни йўлга қўймоқчиман. 

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Танловнинг 42 нафар иштирокчисига имтиёзли кредит ажратилишини кафолатловчи сертификатлар топширилди. 

Манба: uza.uz