22.09.2020 162

Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 616 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг ташкил этишга (қайта ташкил этишга) монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-21539) лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа иловаси 2-банди учинчи хатбошисига кўра, “давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг аффилланган шахслари – устав фондининг (устав капиталининг) 25 фоизи ва ундан ортиғи бевосита ёҳуд билвосита 25 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар. Билвосита тегишлилик ҳар бир кейинги аффилланган шахсга бошқа юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) 25 фоиз ва ундан ортиқ акция (улушлари) тегишли эканлигини англатади”.

“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 85-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жамиятнинг йигирма фоиз ва ундан ортиқ фоиз акцияларига эгалик қилувчи юридик шахс ушбу жамиятнинг аффилланган шахслари деб эътироф этилиши белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловаси 2-банди учинчи хатбошисидаги “25 фоиз” сўзларини “20 фоиз” сўзлари билан алмаштириш мақсадга мувофиқ.

2. Лойиҳа иловасининг 7-банди тўртинчи хатбошисига кўра:

“Монополияга қарши орган давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларини ва давлат муассасаларини ташкил этилишини қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:     

...

давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларига фаолияти муассисининг товарлари (ресурслари) ёки тармоқ инфратузилмасидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари билан рақобатлашадиган фаолият билан шуғулланадиган ўзларининг аффилланган шахсларини ташкил этиш тақиқланади, ушбу аффилланган шахслар рақобатчилари билан тенг шартлар асосида фаолият юритиш шароити таъминланган ҳолда бўлиб юбориш натижасида ташкил этиш бундан мустасно”.

Бироқ, шуни таъкидлаш лозимки, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлари аффилланган шахсларининг рақобатчилари билан тенг шартлар асосида фаолият юритиш шароити таъминланганлиги ҳолати қандай аниқланиши кўрсатиб ўтилмаган.

Умуман олганда, аффилланган шахсларининг рақобатчилари билан тенг шартлар асосида фаолият юритиш шароити таъминланганлиги ҳолати кенг тушунча бўлиб, унинг аниқ мезонларини белгилаш имконсиз.

Бу эса, ўз навбатида, ноаниқликларга, шунингдек, суиистеъмоллик ҳамда коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 7-банди тўртинчи хатбошисидан “ушбу аффилланган шахслар рақобатчилари билан тенг шартлар асосида фаолият юритиш шароити таъминланган ҳолда бўлиб юбориш натижасида ташкил этиш бундан мустасно” сўзларини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ.

3. Лойиҳа иловасининг 7-банди бешинчи хатбошисига кўра:

“Бунда, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларини ва давлат муассасаларини ташкил этилиши бўйича хатти-ҳаракатлар (битимлар) истеъмолчиларга сезиларли даражада наф келтиришини, тегишли товар бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслигини исботлаб берса, олдиндан розилик бериш бўйича илтимосномаси монополияга қарши орган томонидан қаноатлантирилиши мумкин”.

Шуни эътиборга олиш лозимки, истеъмолчиларга сезиларли даражада наф келтириши ва тегишли товар бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслигини исботлаб бериш тартиби аниқлаштирилмаган.

Бу эса, ўз навбатида, ноаниқликларга, шунингдек, суиистеъмоллик ҳамда коррупция ҳолатларига шароит яратиб бериши мумкин.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада истеъмолчиларга сезиларли даражада наф келтириши ва тегишли товар бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслигини аниқлаш мезонларини кўрсатиб ўтиш лозим.