25.07.2016 3378

Қорақалпоғистон Республикасида «Олтин пичоқ» пазандачилик кўрик танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 10 декабридаги «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисидаги фармойишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда  умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркор (корхона бош ошпазлари) ўртасида  “Олтин пичоқ” пазандачилик кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 2016 йил 20 июл куни бўлиб ўтди.

    

Мазкур кўрик танлов мутахассислар касбий даража ва кўникмаларини ошириш, тажрибаларини оммалаштириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни назарда тутади. Шунингдек, миллий таомларни кенг аҳолига тарғиб қилиш, унутилиб бораётган таомларни қайта тиклаш ва барча ҳудудлардаги ошпазларнинг тажриба алмашишига имконият яратади, маданий ва маънавий қадрятларни кенг тарғиб қилиш, умумий овқатланиш соҳаси вакилларини ўз касбига малакавий ёндашишларига кўмак беради.

    

Тадбирни Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров бошқариб борди. Танловни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Иқтисодий масалалари бўйича Котибият раҳбари С.Данияров кириш сўз билан очиб берди. Ундан сўнг Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси бош мутахассиси А.Назаров сўзга чиқиб, барча ошпазларга ўзининг эзгу тилакларини билдирди ва иштирокчиларга омадлар тилади.

Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Нукус шаҳри ва барча туманлардаги ресторан ва кафеларнинг жами 17 та ошпазлари иштирок этишиб, таом турлари эркин кўринишда, яъни, қорақалпоқ, ўзбек миллий таомлари ва жаҳон таомларини тайёрлашди.

    

Иштирокчилар ҳакамлар томонидан 8 мезон, яъни иштирокчининг махсус униформаси, шахсий гигиена талабларига жавоб бериши, иш жойини санитария ва гигиена талаблари асосида ташкиллаштириши, таом кўйиладиган столнинг сервировка қилиниши, тайёрланган салатларнинг турлари ва мазаси, таом тайёрлаш технологик жараёнлари тўғри амалга оширилиши, ошпазлик маҳорати ва таом тарқатиш жараёнига ижодий ёндашиши, таомнинг тақдимоти ва мазаси бўйича баҳоланди.

Хакамларнинг қўйган баҳоларига биноан Кегейли тумани  «Айсултан Шарапатдин» хусусий фирмаси бош ошпази И.Мамбетназарова 1 ўринни қўлга киритган бўлса, 2-ўринни Чимбой тумани «Сатуллаева Венера» маъсулияти чекланган жамияти бош ошпази А.Зарипова, 3-ўринни эса Нукус шаҳридан «Ал Жахангир Нукус» маъсулияти чекланган жамияти бош ошпази Ф. Закировлар қўлга киритиб, олтин, куму шва бронза медаллари, маҳсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, танловда қўшимча номинациялар бўйича Тўрткул, Хўжайли ва Қўнғирот туманидан келган ошпазлар ғолиб деп топилиб, маҳсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақлирланди.

    

Кўрик танловда 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган ғолиблар танловнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.