27.07.2016 6455

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиблари аниқланди


Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликкка кенг жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш масаласига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Мазкур эътибор натижаси ўлароқ, мамлакат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири бўлган мазкур йўналишларда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган хотин-қизларимиз етишиб чиқди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ана шундай фидоий хотин-қизларнининг яратувчанлиги, бунёдкорлиги, меҳнатларини улуғлаш, маданий-маънавий хаётда, жамоат ишларидаги ўрни ва мавқеини юксалтиришни асосий вазифаларидан бири деб билади.

Шу маънода 2016 йил 26 июль куни пойтахтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида хотин-қизлар иштирокидаги хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, жамиятда хотин-қизлар тадбиркорлигини сифат жиҳатдан ривожлантиришдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорликка оид касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш ҳамда улар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида хўжалик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш ва энг асосийси партия Дастури, Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга оширишдан иборат.

Кўрик-танловнинг очилиш маросида сўз олган партия фаолларининг таъкидлашича жорий йилда илк маротаба юқори савияда ўтказилган мазкур лойиҳанинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 10 минг нафарга яқин тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 56 нафар тадбиркор ва фермер аёллар Республика босқичигача етиб келди.

Танлов иштирокчилари дастлаб карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди ҳамда тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, Мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга тадбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда иштирок этган соҳа мутаҳассисларининг таъкидлашича, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, айниқса, бунда хотин-қизлар иштирокини янада ошириш борасида қатор ишлар изчиллик билан амалга оширилди. Натижада мазкур соҳада фаолият юритаётган хотин-қизлар улуши 40 фоизга етди. Кичик бизнес субектларига ўтган олти ой давомида 8,3 трлн. сўм кредитлар ажратилган бўлса, шундан аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 897,1 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Натижада жойларда аёллар раҳбарлигида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, аҳолига сифатли сервис-хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш баробарида аёлларни, айниқса, коллежни тамомлаган қизлар бандлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Ишбилармон аёлларнинг чинакам байрамига айланган мазкур тадбир давомида аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган иштирокчилар номи эълон қилиниб, партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди.

Жумладан, 3-ўринга Тахтакўпир туманидаги “Рано чевар” кўп тармоқли хусусий корхонаси раҳбари Улбосин Аннабаева, Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл орзу умиди” фермер хўжалиги раҳбари Хуснида Ахмедова, Ғидувон туманидаги “Ғиждувон Машҳураси” хусусий корхонаси раҳбари Замира Сафарова, 2-ўринга Жиззах вилоятидаги “Холмўмин-Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориева, Фарғона вилоятидаги “Ал-мансур” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Уктамхон Давронова, Тошкент вилоятидаги “Шахлия” МЧЖ раҳбари Шохиста Мадиёрова ҳамда 1-ўринга Бухоро вилоятидаги “Малишояк” фермер хўжалиги раҳбари Санам Жумаева, Хоразм вилоятидаги “Хоразм технологияси” хусусий корхонаси раҳбари Нигора Қўшжанова, Тошкент шаҳридаги “Торговое оборудование” МЧЖ раҳбари Ринати Юсуповалар ғолиб бўлишди. Шунингдек, намойиш этилган лойиҳалар асосида юқори натижаларга эришган, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ташаббус кўрсатган иштирокчилар “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича  ҳам тақдирландилар.

Тадбир давомида партия “Аёллар қаноти” фаоллари ва лойиҳа иштирокчилари кўрик-танлов ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзаро тажриба алмашдилар.

ЎзССП Матбуот хизмати