24.08.2016 6580

АКТда тадбиркорлик фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш


Жорий йилнинг 24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Ахборот соҳасида тадбиркорлик фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш” мавзусида давра сухбати ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – ахборот соҳасини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базанинг ривожланиш холати, истиқболлари, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, мамлакатда инновацион бизнес муҳитини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Бизнес соҳаси вакиллари ва экспертлар кенгаши иштирокида ўтказилган давра сухбатида  самарали ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш масалалари ва ахборот соҳасини  тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан муҳим таклифлар  муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги,  “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  20.09.2013 йилдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб  чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-2042-сон қарори, “Иқтисодиётнинг реал секторларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2158 қарори ҳамда қонун ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизими сайтига шу йилнинг 22 июлида жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектлари тоифасига кирувчи корхона ва ташкилотлар таснифлагичини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

Давра сухбатида сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасининг жадал ривожланиши бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти рахнамолигида тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилаётган давлат сиёсатининг натижаси хисобланади.

Давлатимиз рахбари Мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида: “Бугунги шароитда, Интернет ва электроника даврида иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, "Электрон ҳукумат" тизими фаолиятини янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эгадир.

Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, айни пайтда глобал иқтисодиётда компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши мамлакатнинг рақобатдошлик даражасига таъсир кўрсатиши, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини бериши, бошқаришни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар очиб беришини унутмаслигимиз зарур” деб таъкидлаб ўтдилар.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда замонавий, илғор демократик ва технологик стандартларга жавоб берадиган, АКТ секторининг фаол ўсишига, давлат ва жамият қурилишининг барча сохаларига замонавий ахборот технологиялари жорий қилинишига шароит яратувчи ахборот соҳаси қонунчилиги шакллантирилди. Унинг асосини Конституциянинг тегишли қоидалари, миллий ахборот ҳуқуқининг – “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Электрон хужжат айланиши тўғрисида”ги, “Радиочастота спектри тўғрисида”ги ва бошқа муҳим қонунлар ташкил этади. Ушбу қонунлар ижроси учун ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тизимлилиги ва тўлиқлилиги таъминланиб, ҳуқуқий тартибга солинувчи субъектларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қонуности хужжатлар ўз вақтида қабул қилинмоқда.

 Тадбир давомида сўзга чиққан ахборот сохасида фаолият олиб борувчи хўжалик юритувчи  субъектлар рахбарлари мавжуд меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар маҳаллий корхоналарнинг  рақобатбардошлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.  Миллий корхоналар хўжалик бирлашмалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари  фаолиятида хисоб ва хисобот, хужжат айланиш тизимига айниқса ўзимизда ишлаб  чиқарилган ахборот-компьютер технологиялари ва дастурий махсулотларни жорий қилиш  жараёнларига кенг жалб қилинган. Улар томонидан яратилган дастурий махсулотлар ва  кўрсатилаётган хизматлар - сифатни ошириш, ишлаб чиқариш таннархини ва  харажатларини пасайтириш, мамлакат экспорт салохиятини ошириш ва Интернет  тармоғидан фойдаланиб янги бозорларни очиш учун хизмат қилмоқда.

 Ўз ўрнида айтиш жоизки, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компаниялар қонунчиликда  кўзда тутилган преференция ва имтиёзлардан самарали фойдаланишмоқда. Улар  фаолиятини хар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг самараси, уларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлиги, махаллий дастурий махсулотлар хажми ва сифатини сезиларли даражада оширишда муҳим омил бўлди. Коммуникация бозорининг фаол ривожланиши самарали ҳуқуқий тартибга солувчи сиёсат натижаси хисобланади. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерлар томонидан тизимли равишда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар кўламининг кенгайиши таъминланмоқда, ҳамда йилдан йилга маълумотлар узатиш тезлиги ўсиб бораётир.

Давра сухбатида сўзга чиққанлар қайд этганидек, ахборот сохасининг меъёрий-ҳуқуқий базасини мунтазам ислох қилиб бориш туфайли, миллий ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси барқарор юксалаётганлигини намойиш этмоқда. Биргина охирги йилда ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда соха корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар хажми
11.4 фоизни, шу жумладан ахолига кўрсатилган хизматларнинг ўсиши 12.2 фоизни ташкил этди. Халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлиги 2016 йил бошига нисбатан 32 фоизга ошиб, 35 Гбит/секундга етди.

Мухокамалар якуни бўйича ишбилармонлик мухити шароиларини яхшилашга кўмаклашувчи ахборот сохаси қонунчилигини янада такомиллаштириш, ахборот технологиялари ва коммуникациялари сохасида янги юқори технологияларга асосланган ишчи ўринларини яратиш, ҳамда тадбиркорлик субъектларининг хуқуқ ва манфаатларини химоя қилишни таъминлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.