29.08.2016 4841

“Савдо ва хавфсизлик” танлови ғолиблари аниқланди


Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган “Савдо ва хавфсизлик” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 июлдаги қарорига асосан ўтказилаётган “Савдо ва хавфсизлик” кўрик-танлови савдо ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Кўрик-танлов бу йил илк бор Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилди. Унда ресторан, бар, кафе, чойхона кўринишидаги умумий овқатланиш шохобчалари, бозор, гипермаркет, супермаркет, минимаркет, киоск шаклидаги тадбиркорлик субъектлари қатнашди. Танловнинг шаҳар босқичида 64 иштирокчи ўзаро баҳслашди. 

Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлашда объектларда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий технологияларнинг татбиқ этилиши, давлат стандартлари, гигиена, санитария, ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатлар, қоида ва талабларларнинг бажарилиши, шохобчаларга ёндош ҳудудларнинг ободонлигига эътибор қаратди. 

“Mind Azia” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши йирик савдо объекти”, “Suxail Nur” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши ўрта савдо объекти”, “Karamel” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши савдо объекти”, “Ilk biznes” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши ресторан”, “Mob Group” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши кафе”, “New Lessor Group” масъулияти чекланган жамияти “Энг яхши чойхона” номинацияларида ғолиб деб топилди. 

– Замонавий савдо мажмуамизда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, совғалар харид қилиш билан бирга ҳар томонлама шинам кафеларда оилавий дам олиш учун ҳам барча шароит яратилган, – дейди танлов ғолиби, “Mind Azia” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бобур Ёқубов. – Танлов ғолиби сифатида эътироф этилганимиздан хурсандмиз. Келажакда ишимизни янада кенгайтириб, аҳоли эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш ниятидамиз. 

Ғолиблар диплом ва совғалар билан тақдирланди. Концерт дастури барчага хушнудлик улашди. 

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов сўзга чиқди.

Манба: uza.uz