11.10.2016 7775

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 сентябрдаги мажлиси Баённомасига оид туризмни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар режасидаги 13-бандни ижро этиш мақсадида, 2016 йилнинг 11 октябр куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш истиқболлари: мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

   

Тадбирнинг асосий мақсади туризм соҳасини янада ривожлантириш истиқболлари, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва сайёҳлик секторини ривожлантиришга оид аниқ таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Давра суҳбатига вазирликлар, идоралар, сайёҳлик фирмалари, меҳмонхона ва ресторан бизнесида банд бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, тармоқнинг етакчи экспертлари таклиф этилди.

Давра сухбатида туризм сохасини ривожлантириш билан бир қаторда 2016 йил 5 октябр куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармонининг мазмун мохияти ва унда белгиланган 42 та комплекс чора тадбирлар дастури бандларига алохида тўхталиб, фикр ва мулохазалар билдирилди. Мазкур Фармон ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислохотларни янада янги босқичга олиб чиқиш ҳамда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда катта ахамиятга эга бўлган тарихий хуқуқий хужжатдир.

   

Сўнгги ўн йиллик ичида миллий ва халқаро сайёҳлик бозорларида рақобат курашининг кучайиши туризм соҳаси ривожланишининг ўзига хос хусусиятига айланди. Ҳозирда туризм соҳасида чет эллик сайёҳларни жалб қилиш бўйича замонавий технологиялар ва ечимлар фаол жорий этилиб, сайёҳлик ҳудудларини ривожлантиришда инновацион ёндашувлар тобора кўпроқ қўлланмоқда.

Қайд этиш керакки, сайёҳлик бизнеси – юқори ўсиш салоҳиятига эга бўлган жадал ва даромадли тармоқдир. Жаҳон туризм ташкилотининг (ЮНВТО) маълумотларига кўра, 2015 йилда 300 млн.дан зиёд одам ёки жаҳондаги умумий бандлик кўрсаткичининг 7 фоизи туризм соҳасида банд бўлган. Шу билан бирга, бутунжаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизи, умумий инвестициялар ҳажмининг 35 фоизи, халқаро истеъмол ҳаражатларининг 30 фоизи, барча солиқ тушумларининг 15 фоизи, бутунжаҳон хизматлар экспорти ҳажмининг 30 фоизи ҳамда ривожланаётган давлатлардаги иқтисодий фаолиятнинг 45 фоизи туризм улушига тўғри келади.

   

Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги энг иқтисодий барқарор ва хавфсиз ҳудудлар сирасига кириб, салоҳиятли инвесторлар учун катта инвестициявий жозибадорлик касб этади. Республиканинг салмоқли табиий, маданий-тарихий, моддий-техник, кадрларга оид, инновацион ва инфратузилмавий салоҳияти бир қатор истиқболли сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш имконини беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги сайёҳлик соҳасига спорт туризми, тоғ-чанғи туризми, мамлакатнинг археологик ва диний тарихига оид маърифий саёҳатлар каби фаол ҳордиқ чиқариш турларини киритиш мумкин.

Ҳаттоки, саноат соҳасида етакчи ҳисобланган давлатлар ҳам бугунги кунда турли сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда. Бунда асосийси саёҳатчиларни жалб этишнинг асосий мезони сифатида мамлакатнинг ўзига хослиги алоҳида аҳамиятга эга. Бу соҳада Ўзбекистон қатор устуворликларга эга. Жумладан, турли давр ва тамаддунларга мансуб бўлган 7 мингдан зиёд моддий ва маънавий объектлар, Самарқанд, Хива, Бухоро, Шахрисабз сингари қадимий шаҳарлар ҳам шулар жумласидандир.

Дарҳақиқат, республикамизда халқаро стандартларга жавоб бера оладиган тўлақонли миллий туризм сектори шаклланган. Ўзбекистонда туризм соҳаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим таркибий қисмларидан бирига айланиши учун барча шарт-шароитлар мавжуд, чунки мазкур сектор янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ва албатта, валюта ҳамда солиқ тушумларининг ўсишига таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, республикада сайёҳлик хизматларининг жадал ривожланиши, мамлакат туризм соҳасининг ҳам Марказий Осиё, ҳам бутун жаҳонда мустаҳкамланишига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар мавжуд.

Бугун туризм соҳаси Ўзбекистонда жами хизматлар соҳаси ривожланишини ҳаракатга келтирувчи кучига айланиши, мамлакат иқтисодиётига валюта тушумларининг салмоқли даражада ошишига хизмат қилиши, шунингдек, республика ёшлари учун минглаб иш ўринларини яратиб берадиган янги корхоналар ташкил этилишини таъминлаши мумкин.

ЎзССП Матбуот хизмати