18.11.2016 3733

Савдо-саноат палатаси Марказий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 18 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Марказий Кенгаши навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида 2016 йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб,  Савдо-саноат палатасининг 2017 йилги устувор вазифалари белгилаб олинди.

Мажлисдаги асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 5 октябрда имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ва шу каби тадбиркорлар фаолиятини кафолатловчи хуқуқий хужжатлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини шаклантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши ҳамда ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқиши алоҳида таъкидланди.

“Ушбу ҳужжат қамрави, кўлами жиҳатидан жуда кенг бўлиб, мазмун-моҳиятига кўра, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонларга янада кенг эркинлик бериш, уларнинг ҳимоясини кучайтиришга қаратилгандир. Яна бир аҳамиятли жиҳати, ижро механизмига эгалигидир. Чунки ҳар бир ҳужжат ижроси билан кучлидир. Зотан, Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини  ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик энг муҳим устувор йўналиш, давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлаб қўйилди” - дейди ЎзССП раиси ўринбосари в.б. Анвар Махамаджанович Икрамов.

Қайд этиш лозим, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик истиқболисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мамлакатимизда мазкур тизим вакилларининг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар самараси эса халқаро доирада муносиб баҳонланиб, алоҳида эътироф этилмоқда. Жаҳон банкининг яқинда эълон қилинган “Бизнесни юритиш — 2017: бошқарув сифатини ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 87-ўринни эгаллагани бунга мисол бўла олади. Ҳисоботда келтирилишча, айниқса, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш бўйича сезиларли ўсиш қайд этилди: бу борада 17 поғонага юқорилаб, 25-ўринга чиқиб олинди.

2016 йилда Савдо-саноат палатаси томонидан хам, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан кенг кўламли ишлар қилинди xусусан,

Инвестициялар: Чет эл капитали иштирокида 22 та қўшма корхона ташкил этилиши қўллаб-қувватланди. Улардан 4 таси қурилиш материаллари, 2 таси текстиль махсулотлари ишлаб чиқариш буйича, 3 таси озиқ-овкат саноати ва 11 таси бошқа тармоқ корхоналари. Устав жамғармазсининг умумий қиймати 41,75 млн. АҚШ доллари, жумладан хорижий томон учун 40,32 млн. АҚШ доллари.

147 та корхонага умумий қиймати 13,4  млн. долларга тенг мини-технологиялар ва қурилмаларни излаш ва харид қилишда бевосита ёрдам кўрсатилди. Етказиб берилган қурилмаларнинг 36 таси текстиль маҳсулоти, 25 таси қурилиши материаллари, 25 таси озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 14 таси қишлоқ хўжалиги қайта ишлови ва 47 таси бошқа тармоқлар учун мўлжалланган. Қурилмаларни етказиб берувчи асосий давлатлар ХХР, Россия, Жанубий Корея, Европа. Қурилмаларни излашда ёрдам беришнинг асосий механизми Савдо-саноат палатаси томонидан хорижга ишбилармонлик сафарларининг уюштирилиши, хориждаги ва Ўзбекистон Республикасида кўргазмалар ва бизнес-учрашувларда иштирок этишни таъминлашдан иборат.

Ўзбекистондаги кўргазмалар: Палата кўмагида Ўзбекистонда 217 та кўргазма тадбирлари ўтказилиб, уларда 12 624 нафар ўзбек ва хорижий тадбиркорлар иштирок этди. Ташриф буюрувчиларнинг сони  146 948 кишидан ошди.

Хориждаги кўргазмалар: 128 нафар ўзбекистонлик тадбиркорнинг хориждаги 35 та кўргазма ва ярмаркаларда иштироки таъминланди (Германия, Россия, Италия, Индия, Турция, ХХР) учрашувлар натижаларига кўра 62 келишув битими имзоланган.

Ваколатхоналар ва экспорт: Ҳозирда хорижий давлатларда Савдо-саноат палатасининг 12 та ваколатхонаси фаолият юритади. Палата ваколатхоналари орқали хорижий ишбилармон доираларни Ўзбекистондаги имкониятлар ҳақида хабардор қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

2016 йилнинг III-чорагида ўтказилган тадбирлар якунлари бўйича 89 та маҳаллий корхонага  33,4 минг АҚШ долларлик маҳсулотни Ўзбекистондан экспорт қилишда ёрдам кўрсатилди.

«Тадбиркор куни» тадбири бўйича: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятлари томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, республика бўйлаб «Тадбиркор куни» тадбирида 106 361тадбиркор иштирок этиб, бизнес юритиш бўйича 16 342 та мурожаат келиб тушди: 16 279 та мурожаат ҳокимиятлар ва мутасадди органлари томонидан жойларда кўриб чиқилиб, ҳал этилди.

Қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолият бўйича: Ҳисобот даврида Палата томонидан 169 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси кўриб чиқилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Улардан 38 та ЎзР қонунлари лойиҳаси, 12 та ЎзР Президенти қарори лойиҳаси, 60 та ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси, 20 та вазирликлар, идоралар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва 24 та бошқа ҳужжатлар.

Текширувлар бўйича: Кўрилаётган даврда Палата ходимлари назорат органлари томонидан 2791 та хўжалик субъектида ўтказилган 2 772 та (99,9%) режали ва 19 та (0,1%) режадан ташқари текширувларда, тадбиркорлар хукукини химоя килиш максадида иштирок этди.

Ўзбекистонда таълим олиш: Иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тушунтириш, хусусий бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш, кредит ва микрокредитлар олиш, инвестиция лойиҳалари ва ТИА ишлаб чиқиш, бизнес режалаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, солиқ ва божхона қонунчилиги масалалари бўйича ўтказилган 765 та семинарда 51 мингдан ортиқ одам иштирок этди. Шунингдек, 80 та халқаро ва республика анжумани, 20 733 киши иштирокида 102  та давра суҳбати ўтказилди.

Хизматлар: ССПнинг тузилмавий бўлинмалари, жумладан, Ижроия қўмитаси, 14 та ҳудудий бошқарма, 99 та ахборот-консултация маркази, 4 та филиал, 5 та тренинг-ресурс маркази ва ҳудудий бошқармалар қошидаги 12 та унитар корхона томонидан кичик хусусий тадбиркорлик субъектларига фаолиятнинг турли йўналишлари, жумладан, бизнесни очиш, ривожлантириш ва қайта тузишдан тортиб ташқи бозорларга чиқиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, биржа хизматларини кўрсатиш, кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш бўйича хизматлар тақдим этилади. Ахборот-маслаҳат марказлари томонидан 44 793 дона хизмат кўрсатилган, жумладан: таъсис ҳужжатларини тайёрлаш бўйича 12 675 та, бухгалтерия ҳисобини юритишда – 1 550  та, бизнес режалар тайёрлашда – 2 114  та, юридик қўллаб-қувватлашда – 2 483  та, консалтинг ва ахборот соҳасида – 24 467 та, кичик бизнес субъектларини суғурта қилиш бўйича 909 та хизмат тақдим этилди.

Аъзолик: 2016 йил 30 сентябр ҳолатига кўра, ССП таркибида 29 363 нафар амалдаги аъзолар мавжуд, жумладан: 13 885 та якка тартибдаги тадбиркор, 10 754 та микрофирма, 3 469 та кичик корхона, 1 022  та йирик корхона ва 233 та уюшган аъзолар.