Тарих

10754

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси – Кичик бизнеснинг ишончли ҳамкори

Ўзбекистон иқтисодиётининг салмоқли улушини ташкил этувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакат ривожланишида алоҳида ўрин тутади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2004 йил 7 июлдаги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хусусий сектор позицияларини мустаҳкамлаш соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Савдо-саноат палатаси зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири – бу янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларда илгари суриш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби масалаларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдан иборат, - дейди Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов. – Фаолиятининг дастлабки йилида ССП сафларида 210 нафар тадбиркор бирлашган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 25 мингдан ошди. Уларнинг орасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларидан ташқари, йирик компаниялар, банк ва суғурта институтлари, лизинг берувчилар ҳам мавжуд.

ССП фаолиятидаги муҳим йўналиш – бу тадбиркорларга мини-технологиялар ва қурилмаларни излаш ҳамда харид қилишда ёрдам бериш. Мазкур мақсадда маҳаллий тадбиркорларнинг хорижга ўнлаб ишбилармонлик сафарлари ташкил этилиб, уларнинг халқаро кўргазмалар ва бизнес-учрашувларда, шунингдек, мамлакат ичидаги кўргазмалардаги иштироки таъминланиб келмоқда. Бундай ёндашувнинг самарасини қуйидаги рақамларда яққол кўриш мумкин: агар 2004 йилда 800 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирокида жами 10 та кўргазмавий тадбир уюштирилган бўлса, 2013 йил якунлари бўйича ҳам Ўзбекистон, ҳам Германия, Хитой, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қозоғистон каби кўплаб хорижий давлатларда 150 дан зиёд кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилди.

2013 йилда хўжалик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини кенгайтириш мақсадида, Палата томонидан маҳаллий тадбиркорларнинг хорижга 70 дан ортиқ ишбилармонлик сафарлари уюштирилди, ваҳоланки, 2004 йилда бундай сафарларнинг сони атиги 12 та бўлган. Чет эллик тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистонда кооперация биржалари ташкил этилиши ҳақида гапириладиган бўлса, ўтган йили бундай тадбирларнинг сони 97 тага етди. Ишбилармонлик доиралари вакиллари ўзаро музокаралар ўтказиб, чет эллик тадбиркорлар билан бевосита алоқаларни ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг йўналишларини белгилаб олишга эришдилар.

ССП хорижий давлатларнинг савдо-саноат палаталари, тадбиркорлик уюшмалари ва бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Бундай самарали ҳамкорликка мисол тариқасида тадбиркорлик фаолиятининг турли жиҳатлари бўйича ишлаб чиқилган қўшма лойиҳаларни қайд этиш мумкин. Жумладан, ССП қошида фаолият юритиб келаётган Экспертиза ва соф ишлаб чиқариш марказида тадбиркорлар ISO 9000, ISO 14000, «Кайдзен» халқаро сифат стандартлари бўйича таълим оладилар. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), ГФР Федерал иқтисодиёт ва технология вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган Бошқарув кадрларини тайёрлаш дастури маҳаллий корхоналарнинг 300 дан ортиқ менежерларига Германияда иш ўрганиш имконини яратиб берди. Бу борада мамлакатимизда аёлларни ўқитиш учун мўлжалланган ўқув марказини яратиш имконини берган «Bernina AG» (Швейцария) компанияси билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг муваффақиятини ҳам қайд этиш лозим.

Савдо-саноат палатаси томонидан чет эллик ҳамкорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт таъминоти ҳажмларини ошириш имконини бермоқда. Хусусан, 2004 йилда Палата томонидан 10 та корхонага ёрдам кўрсатилган бўлса, 2013 йил якунлари бўйича 98 та ўзбек корхонаси ССПнинг бевосита кўмагида 76 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги маҳсулотларини экспорт қилишга эришди.

Жами бўлиб, 2013 йил якунларига биноан 304 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари ССП хизматларидан фойдаланган бўлиб, 2004 йилда уларнинг сони 27 мингдан ошмаган эди. Одамлар аввалгидек фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича мурожаат қилиб келадилар: бизнесни очиш, ривожлантириш ва қайта тузишдан тортиб, то ташқи бозорларга чиқиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, биржа хизматларини тақдим этиш, кадрларни тайёрлаш ва ўқитишгача бўлган масалалар.

ССП ўз фаолиятида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга алоҳида урғу беради. Фаолиятининг биринчи йилидаёқ Палата мамлакатнинг хўжалик судларида бизнеснинг манфаатларини ҳимоя қила бошлаган. 2004 йилда Палата томонидан 37 та шикоят мурожаати тақдим этилган бўлса, 2013 йилда бу рақам 33 мингдан ошди. Бугунги кунга келиб 90 фоиздан зиёд шикоятлар тадбиркорлар фойдасига ҳал этилди. Мазкур йилда ССП қошида Тадбиркорлик субъектларидаги текширувларини мониторинг қилиш марказининг ташкил этилиши тадбиркорлар ҳуқуқлари муҳофазасини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Марказ назорат органлари томонидан ўтказиладиган 50 фоиздан ортиқ текширувлар бўйича мониторинг олиб боради.

Савдо-саноат палатаси мутахассисларининг таъкидлашича, 2007 йилда ССП ва унинг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган ҳакамлик судлари тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясида самарали механизмлардан бирига айланди. Ҳозирда бизнесменлар мунозарали масалаларни кўриб чиқишнинг давлат судларига муқобил шаклидан тобора кенгроқ фойдаланиб келмоқда, чунки ҳакамлик судининг қарори ҳудди фуқаролик ёки хўжалик суди қарорига тенг юридик кучга эга. 2013 йил якунлари бўйича ҳакамлик судлари томонидан 668 та иш ишлаб чиқишга қабул қилиниб, кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бизнес юритишнинг халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва амалиёти, ишбилармонлик этикасини жорий этиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларини яхшилашга йўналтирилган мувоқиф қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш масалаларида фаол иштирок этади. Давлат бошқаруви органлари ва хусусий сектор вакиллари ўртасида конструктив ва доимий мулоқотни ривожлантириш мақсадида, мувофиқ қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшма тавсияларни ишлаб чиқиш механизми амал қилади. 2013 йилнинг ўзида Палата томонидан ҳукумат, вазирликлар ва идораларнинг қонунлари, қарорлари ва фармойишларидан иборат бўлган 145 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.

Хусусий секторнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши туфайли мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити мунтазам равишда яхшиланиб, тадбиркорлик эркинлиги мустаҳкамланмоқда. Буларнинг бари янги кичик корхоналар сонининг ортиши, уларнинг ихтисослигига ижобий таъсир қилмоқда. Маълумки, мустақилликнинг дастлабки йилларида кичик бизнес савдодан бошланган, бугун эса ишбилармон шахслар фаол равишда инновацион технологияларни ўзлаштирадиган ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини боса оладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон тадбиркорлари ташқи бозорларда янада фаол иштирок этиб, уларга юқори сифатли тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебель ва кўплаб бошқа товарларни етказиб бермоқда.

Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда тадбиркорларга реал вақт режимида турли хизматлар тақдим этилиши жараёнини тезлаштириш мақсадида, ССП тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига янги компьютер технологиялари ва дастурий таъминотларни жорий этиш билан фаол шуғуллана бошлади. Деярли бир вақтнинг ўзида ССП томонидан ишга туширилган хусусий корпоратив сайт - www.chamber.uz йилдан-йилга модернизацияланмоқда. Ҳозирда исталган тадбиркорлик субъекти сайтда тақдим этилган интерактив хизматлардан реал вақт режимида фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга, сайтда “виртуал кўргазма”, “савдо майдончаси”, “қурилмалар каталоги” модуллари ишга туширилган бўлиб, тадбиркорлар томонидан бериладиган энг кўп саволларга батафсил жавоблар келтирилган. Бундан ташқари, бу ерда ҳуқуқий маслаҳат олиш, шунингдек, мурожаатни тўғридан-тўғри Палата раисига йўллаш мумкин.

Палатанинг бевосита иштирокида жорий этилган янгиликлардан бири – Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишини ташкил этиш бўлди. Тез орада порталнинг мувофиқ бўлимларида Савдо-саноат палатасининг «SMS-to’lov» тўлов тизими, исталган тадбиркор бизнесни ташкил этиш, уни ривожлантириш ва маҳсулот экспорти бўйича масалаларга жавоблар топа оладиган «Businessinfo.uz» интерактив портали, «Call-center» ахборот ёрдами, ҳуқуқий маслаҳатлар каби турли интерактив хизматлар ишга туширилади.

“Келажакни бирга қурамиз” шиори остида фаолият юритиб келаётган Савдо-саноат палатаси ўз олдига тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши ва манфаатлари ҳимоясини янада такомиллаштиришни мақсад қилган. Унинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари билан самарали ҳамкорлиги бизнес-муҳитнинг яхшиланиши, ички бозорнинг рақобатбардош маҳаллий маҳсулот билан бойитилиши, янги иш ўринларининг яратилиши, шунингдек, аҳоли турмуш даражасининг янада ўсишига хизмат қилади.