Маҳаллийлаштириш

10683
 

Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни

Маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Маҳаллийлаштириш дастурининг асосий мақсади - Ўзбекистон Республикасида экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хом-ашё ва минерал ресурслар негизида ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдан иборатдир. Шу билан бирга дастур доирасида ички тармоқ ва тармоқлараро, шу жумладан республиканинг кичик бизнес ва йирик корхоналари ўртасидаги саноат кооперациясини кенг йўлга қўйиш ва уни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Маҳаллийлаштириш дастурига кичик бизнес субъектлари томонидан лойиҳаларни киритиш учун уларни танлаш тамойиллари қуйидагилардан иборат:

1. Маҳаллийлаштириладиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллий хом ашё ресурсларининг мавжудлиги;

2. Ишлаб чиқаришнинг биринчи йилида маҳаллийлаштириш даражаси камида 36 фоизга етиши;

3. ТИФ ТН коди бўйича пировард маҳсулот товар позициясининг бошланғич хом ашёга нисбатан камида биринчи тўртта белгилардан бири даражасида ўзгаришининг таъминланиши;

4. Маҳаллийлаштириладиган маҳсулотга ички ва ташқи бозорларда талабнинг мавжудлиги;

5. Шунга ўхшаш (аналог) маҳсулотлар импортининг мавжудлиги (янги турдаги маҳсулотлар бундан мустасно);

6. Маҳсулотнинг потенциал истеъмолчилари билан шартномаларнинг ёки аҳдлашувларнинг мавжудлиги;

7. Маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг сотиш нархлари импорт маҳсулотлари нархларидан юқори бўлмаслиги (Ўзбекистон Республикасигача бўлган транспорт харажатлари, божхона ва солиқ тўловларини ҳисобга олинган ҳолда);

Шу билан бирга, юқоридаги талабларга мос келадиган ва халқаро сифат бошқарув тизимини жорий этган корхоналар Маҳаллийлаштириш дастурига ўз лойиҳаларини киритиш ҳуқуқига эгадирлар.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар бўйича корхоналарга бериладиган солиқ ва божхона тўловларидан имтиёзлар

- четдан олиб келинадиган технология ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги технология жараёнида фойдаланиладиган компонентлар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно);

- маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан олинган даромад (фойда) солиғи, ягона солиқ тўлови (соддалаштирилган солиқ тизими қўлланиладиган субъектлар учун) тўлашдан;

- маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи тўлашдан озод қилинадилар.

Маҳаллийлаштириш дастурига лойиҳаларни киритиш учун талаб этиладиган жадвал ва шакллар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сонли қарорига мувофиқ Маҳаллийлаштириш дастурига лойиҳаларни киритиш бўйича тегишли жадвал ва шаклларни қуйида юклаб олиш мумкин.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш учун мурожаат қилиш

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг жойлардаги Ахборот-маслаҳат марказлари / Бизнес марказларига ёки Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг туман иқтисодиёт бўлинмаларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шунингдек, Маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида қўшимча маълумот олиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг расмий веб сайтига қуйидаги манзил бўйича http://mineconomy.uz/uz/node/385 ўтишингиз мумкин.