Экспертлар кенгаши фаолияти

441

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши фаолияти хусусида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 19 июндаги 5087-сонли Фармонининг 1-банди 9-хатбошисига кўра, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳити ҳолатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга кенг жалб қилиш, тадбиркорлик тузилмалари билан биргаликда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини, жумладан, саноат, транспорт, қурилиш, молия, ахборот-коммуникация технологиялари, савдо ва хизматлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа соҳалар бўйича эксперт кенгашларини ташкил этилиши белгиланган.

Экспертлар Кенгаши - Савдо-саноат палатасининг маслаҳат берувчи органи ҳисобланиб, у қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантириш борасида палата томонидан кўрилаётган чоралар самарадорлигини ошириш, халқаро ҳуқуқ ва бизнесни юритиш амалиётининг умум эътироф этилган нормаларини жорий қилиш;

бизнес юритиш учун ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларни яхшилашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Кенгаш таркибига Палатанинг Раиси, унинг ўринбосарлари, масъул котиби ва Кенгаш аъзолари томонидан Палата раҳбарлари ва ходимлари, илмий тадқиқот, таълим  ва экспертиза муассасалари, Палатанинг хўжалик юритувчи субъектлари, нодавлат нотижораат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа ташкилотлар ходимлари киритилиши мумкин.

Шунингдек, Кенгаш фаолият йўналиши бўйича давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд, назорат қилувчи органлар ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларини ўз ичига олиши мумкин.

 Қоида тариқасида кенгаш камида 25 нафар ва кўпи билан 29 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг сони Кенгаш аъзоларининг камида 40 фоизини ташкил этиши лозим.

Долзарб масалаларга оид, яъни барча ёки маълум бир тоифадаги тадбиркорларнинг манфаатларига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий масалалар бўйича Эксперт кенгашларида тадбиркорлар ҳамда тегишли давлат органлари ходимлари иштирокида кўриб чиқилади.

Таъкидлаш лозимки, эксперт кенгашлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларига ҳуқуқий баҳо берилишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ушбу кенгашлар ишида меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш мақсадида кўп йиллик тажрибага эга, ўз соҳасининг мутахассиси бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳамда тегишли малакага эга бўлган вазирлик ва мутасадди идора вакиллари ва тадбиркорлар жалб этилади.

Палата ҳузуридаги Эксперт кенгашлари қуйидаги йўналишларда ташкил этилди:

1. Ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгаши;

2. Ташқи иқтисодий фаолият бўйича Экспертлар кенгаши;

3. Саноат соҳаси бўйича Экспертлар кенгаши;

4. Банк ва молия масалалари бўйича Экспертлар кенгаши;

5. Қурилиш масалалари бўйича Экспертлар кенгаши;

6. Ёшлар тадбиркорлиги бўйича Экспертлар кенгаши;

7. Қишлоқ хўжалиги махсулотларини қайта ишлаш бўйича Экспертлар кенгаши;

8.  Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича Экспертлар кенгаши.

Бир йил давомида Савдо-саноат палатасида Экспертлар томонидан ҳуқуқий масалалар, саноат, банк-молия, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва ташқи иқтисодий фаолият соҳалари бўйича жами 42-та Эксперт кенгашлари ўтказилди ҳамда ўтказилган Эксперт кенгашларининг тавсиялари вазирлик ва идораларга юборилган.

Ҳурматли тадбиркорлар, ушбу экспертлар кенгашларининг тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги фаолияти муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олган ҳолда, сизларнинг эътиборингизга кенгашларнинг фаолиятига оид идоравий хужжатлар ҳавола этилмоқда.

Ишонамизки, ушбу ҳужжатлар сизларнинг эксперт кенгашлари ва палатанинг қонунчилик ижодкорлиги фаолиятида фаол иштирок этишингизга замин яратади.