“ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

783

ДАВЛАТ ДАСТУРИ БЎЙИЧА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 2 март куни “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармон билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ҳам тасдиқланган бўлиб, ушбу дастур 284 та банддан иборат. Дастурни амалга ошириш учун 18 171,4 млрд. сўм ва 10 301,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шундан:

  • давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари – 12 883,7 млрд. сўмни;
  • ижрочилар ва хайрия ташкилотлари маблағлари – 1 426,5 мл. сўмни;
  • тижорат банкларининг кредитлари – 561,2 млд. сўмни;
  • халқаро ташкилотлар, молия институтлари маблағлари ва беғараз ёрдамлар – 3 300,0 лрд. сўм ва 10 301,5 млн. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Давлат дастурининг:

1-йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида 38 та;

2-йўналиши – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида 22 та;

3-йўналиши – Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида 96 та;

4-йўналиши – Ижтимоий ривожланиш соҳасида 84 та;

5-йўналиши – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида 44 та чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
1-ЙЎНАЛИШНИНГ МУҲИМ ЧОРАЛАРИ

– Қонунчилик палатаси ва Сенат фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этилади;

– Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти йўлга қўйилади;

– Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий этилади ҳамда Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг фаолиятини “намунали Кенгаш” сифатида йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилади;

– Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари мунтазам равишда эшитиб борилади;

– Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади;

 “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади, унга келиб тушаётган мурожаатлар депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик иштирокида ОАВлар орқали муҳокама қилиб борилади;

– Парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича “йўл харита”си, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегияси қабул қилинади.

2-ЙЎНАЛИШНИНГ УСТУВОР ЖИҲАТЛАРИ

– Суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби белгиланади;

– 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси, деб тан олинади;

– одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилинади;

– тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинади;

– божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилинади;

– маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилади;

– ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан МЖтКда назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилади;

 “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда Жиноят ва Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади;

– Ўзбекистон фуқароларига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмайди;

– Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи ва бошқа ҳудудларда доимий пропискага эга бўлган фуқаролар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкаси бекор қилинади.

3-ЙЎНАЛИШНИНГ АСОСИЙ ТАДБИРЛАРИ

– Пахта хомашёси ишлаб чиқариш, мажбурий сотиш режаси ҳамда нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинади, шунингдек, давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилади;

– лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилади;

– давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича “йўл харита”ларини амалга оширишга киришилади, шу жумладан, замонавий чакана банк хизматлари турлари кўпайтирилади;

– экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлиги ташкил қилинади;

 “Э-омбор” товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади;

– маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилади;

– камида 800 мингта кенг полосали Интернет портлари яратилиб, 12 минг км. оптик толали алоқа линиялари ётқизилади;

“Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги, “Давлат қарзи тўғрисида”ги, “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш стратегиялари, Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва Сув хўжалигини ривожлантириш концепциялари, Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади;

– бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар ажратиш тизими ишга тушади;

– янги кичик саноат зоналари яратилади, уларни бошқариш дирекцияларига зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун Давлат бюджети маблағларидан 100 млрд. сўм ажратилади;

– ҳар бир туманда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган талабгорларга қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетган ерлар тақсимлаб берилади ва улар кооперацияларга бириктирилади;

– “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади.

– Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ёшларнинг энг илғор лойиҳаларини жалб этиш мақсадида “Халқаро ёшлар инновация форуми” ҳамда форум доирасида “Энг яхши лойиҳалар” танлови ўтказилади.

4- ЙЎНАЛИШДАГИ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАР

– Ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларини тадбиркорлик ва касбга ўқитиш мақсадида 30 та коллеж базасида ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказлари ташкил этилади;

– мутасадди вазирлик ва идорлар ҳамкорлигида касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар, ёшлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган соҳалар бўйича касбга ўргатиш курслари фаолияти йўлга қўйилади;

 Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда:

– 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 %га етказилади;

– олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартирилади;

– ОТМларга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич икки бараварга оширилади;

– математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилади, олимларга барча шарт-шароитларни япатиш чоралари кўрилади;

– давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга оширилади.

– Уй-жой кодексининг янги таҳририЭкология кодекси лойиҳаси“Сув таъминоти ва оқава хизматлар тўғрисида”ги ва “Кинематография тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастуриКитобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастуриИлм-фан соҳасини ривожлантириш, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепциялари, Қурилиш соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади;

– ёшлар таълими ва аёллар бандлиги бўйича “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида алоҳида умумтаълим муассасаларида болаларни мактаб фанларига электрон ўқитиш бўйича тажриба тариқасида ахборот тизимларини қоғоз ҳужжатларни бекор қилган ҳолда жорий этилади;

– ОТМлар талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;

– Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат юридик ва педагогика университетларида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилади;

– Пенсияни ҳисоблашда меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилаш “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилади;

– “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” аппарат-дастурий комплекси жорий этилади;

5-ЙЎНАЛИШДАГИ САЪЙ-ҲАРАКAТЛАР

 2020-2023 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизликка доир миллий стратегия ҳамда “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади;

– Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

 Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни” жорий этилади.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланади.

 Марказий Осиё мамлакатлари билан минтақавий ҳамкорлик доирасида комбинациялаштирилган туризмни “битта тур-кўп мамлакатлар” тамойили асосида ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий обидалари ва сайёҳлик салоҳиятини фаол равишда тарғиб қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

 БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш бўйича амалий чора-тадбирлар жадаллаштирилади.

 Марказий Осиё бўйича Европа Иттифоқининг янгиланган Стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг фаол иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади.

 Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, БМТ ва унинг муассасалари, етакчи халқаро институтлар ва молия тузилмалари, шунингдек, минтақавий бирлашмалар билан узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштириш юзасидан аниқ таклифлар ва амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

 Олий Мажлис палаталари ва Адлия вазирлиги томонидан БМТ ҳамда унинг Тараққиёт дастури ваколатхоналари билан ҳамкорликда парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўқув марказини ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилади;

Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш бўйича

“Халқаро мунозара клуби” ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида танқидий кўриб чиқади, ҳар чоракда Ҳукумат мажлисларида муҳокама қилиб боради ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўради;

Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада Ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади.